Покистон ҳукумати Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Бишкекда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига бориши учун ўз ҳаво ҳудудини очишга қарор қилди. Бу ҳақда PTI агентлиги хабар берди.

ШҲТнинг навбатдаги саммити 13-14 июнь кунлари Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтади. Хабар қилинишича, мазкур саммит доирасида Ҳиндистон ва Покистон етакчиларининг юзма-юз учрашув ўтказишлари режалаштирилмаган.

Айни пайтда икки давлат ўртасидаги муносабатлар 14 февралда Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида ҳинд ҳарбийларига қилинган ҳужум сабабли кескинлашган. Ўша кунги ҳужумда 45 киши ҳалок бўлганди.