“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов уй ва иншоотлар бузилиши каби ҳолатларга муносабат билдирди.
Унинг ҳисоблашича, шаҳар ва туманлар, қишлоқлар ва маҳаллаларни ободонлаштириш, инфраструктурасини яхшилаш аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилиши, умуман олганда, давлат ва маҳаллий бюджетларнинг катта қисми ижтимоий соҳага ажратилаётганлиги позитив жараёндир.
Шу билан биргаликда, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ижро этишга масъул алоҳида маҳаллий бошқарув органларининг тартибсиз ҳаракатлари, шу жумладан қонунда белгиланган тартибларга зид равишда огоҳлантиришларсиз, компенсацияларни тўлиқ тўламасдан, уй эгалари ва тадбиркорларнинг розилигини олмасдан хусусий ер участкаларининг давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳолатлари кузатиляпти.
“Қатор зиддиятли вазиятлар, айниқса сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда кенг резонанс уйғотган Яккабоғдаги икки ҳолат, Риштон, Янгийўл туманлари ва Урганч шаҳридаги фуқаролар ва ҳокимият вакилларининг очиқ конфронтацияси каби ҳолатлар ҳаммамизни ташвишлантирмоқда”, - деб ёзади Акмал Бурҳонов.
Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан доимий тарзда йўл қўйилаётган камчиликлар, жумладан:
- Қисқа давр ичида бир ҳокимнинг рухсати билан қурилган иншоотларнинг бошқа бир ҳокимнинг қарори билан бузилиши;
- Объектларнинг бузилиши ҳақида қонуний огоҳлантириш берилмаслиги;
- Тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларнинг бузилиши;
- Фуқароларнинг розилигисиз бошқа турар жойларга мажбурий кўчирилиши;
- Бузилаётган уйлар учун компенсация пулларининг вақтида берилмаётганлиги ёки унинг миқдорлари сезиларли даражада камлиги;
- Ҳокимият вакилларининг уй-жой эгалари билан қўпол муносабатда бўлиши, элементар мулоқот маданиятининг йўқлиги ва бошқа кўплаб муаммоларнинг гувоҳи бўлиняпти.
Шу сабабли, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бу каби ҳолатларга барҳам беришга йўналтирилган тизимни яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқаётгани айтилади:
- Ҳудудларни узоқ йиллик стратегик ривожлантириш режалари, бош планларини ишлаб чиқиш;
- ер участкаларининг давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши жараёнларининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, ушбу жараёнларда аҳоли иштирокини кенгайтириш;















