Яқинда ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар, Гулобод маҳалласида жойлашган «Ҳурматхон ая» қабристони учун ажратилган ер майдони қарийб 4 маротаба торайиб кетганлиги тўғрисидаги видео эълон қилинган эди.
Мазкур ҳолат Давергеодезкадастр қўмитаси томонидан ўрганилди. Қўмита маълум қилишича, видеороликда 1994 йилда қабристон учун 8,0 гектар ер майдони ажратиб берилганлиги баён қилинган.

Ушбу масала бўйича, ўрганилган ҳужжатларда Наманган вилояти Наманган туманидаги собиқ «Ижодкор» агрофирмаси вакилларининг 1994 йил 6 мартдаги 2-сонли йиғилиш баёнининг қарор қисмини 1-бандида “Ирвадон қишлоғи пенсионерлари, ветеранлари, қариялари, аҳоли талабларига асосан қабристон қилиш учун Ирвадон қишлоғига яқин бўлган Ғишт заводи ёнидаги 8,0 гектар ер майдони ажратиб бериш лозим топилсин деб 5-бандида «Ушбу қарорни тасдиғини Наманган тумани ҳокимлигидан сўралсин» деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ер тўғрисида»ги 1990 йил 20 июнда қабул қилинган Қонуннинг 6-моддасида Ҳокимият туман идораларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган бўлиб, битта ер эгасига ва битта ердан фойдаланувчига 10 гектаргача майдонда ер ажратиш белгиланган.
Бироқ, собиқ «Ижодкор» агрофирмаси вакилларининг 1994 йил 6 мартдаги 2-сонли вакиллар йиғилиши қарори Наманган тумани ҳокими томонидан тасдиқланганлиги юзасидан ҳужжат мавжуд эмаслиги аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 4 декабрдаги СҚ-73-ИИИ-сон қарорига асосан Наманган шаҳри кенгайиши муносабати билан шаҳар маъмурий чегарасига ўзгартириш киритилиб Наманган туманидаги ушбу ерлар Наманган шаҳрига ўтказилган.
Видеороликда 1994 йилда қабристон учун ажратилган 8 гектар ер майдони 2,5 гектар бўлиб қолганлиги бўйича. Наманган тумани ҳокимининг 2011 йил 8 июлдаги 401-сонли қарорига асосан Наманган тумани «Ободонлаштириш бошқармаси»га «Ҳурматхон ая» қабристони учун 0,50 гектар ер майдони ажратиб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 4 декабрдаги СҚ-73-ИИИ-сон қарорига асосан Наманган шаҳри кенгайиши муносабати билан шаҳар маъмурий чегарасига Наманган туманидан ер майдони қўшилган бўлиб, шу жумладан Ижодкор массиви ҳудудидаги «Ҳурматхон ая» қабристони Наманган шаҳри маъмурий чегарасига қўшилган.
«Ҳурматхон ая» қабристони учун туман ҳокимининг 2011 йил 8 июлдаги 401-сонли қарори билан 0,50 гектар ер майдони ажратилган бўлса-да, 2018 йилда фуқароларнинг мурожаатлари бўйича қабристон эгаллаган ер майдони қайта ўлчов натижасида 2,5 гектар эканлиги, ёки қарорга нисбатан 2,0 гектар ер майдони тегишли ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан қабристон ташкил этиш учун девор тўсиқ билан ўраб олинганлиги маълум бўлди.















