Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бош прокурор ўринбосари: «Ўзбекистонда коррупционер қайси мансаб эгаси бўлишидан қатъи назар жазосини олади»
Сенат ялпи мажлисида ҳукуматнинг парламентга ҳисоботи бериши асносида сўз олган Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев сенаторлар эътиборини коррупцияга доир бир нечта масалаларга қаратди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, прокуратура расмийси антикоррупцион қонунчиликдаги номукамаллик, давлат маблағлари тақсимоти устидан жамоатчилик назорати, ОАВ мустақиллиги ва жамиятда коррупцияга қарши муросасиз кайфият яратиш масалаларига тўхталиб ўтган.
«Муҳимларидан биринчиси. Антикоррупцион қонунчиликни такомиллаштириш, унинг ижро механизми ва қонунни қўллаш амалиёти ўртасида узилишлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳаммамиз бу жараёнда яшаганмиз, биламиз. Мана шу узилишни бартараф этиш лозим.
Бугунги вазифа – коррупция учун жазонинг муқаррарлиги муҳитини яратиш. Жамиятда шунақа фикр шаклланди, бунга ҳаммангиз гувоҳ бўлиб турибсиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда коррупционер қайси мансабда, қайси мавқеда бўлишидан қатъи назар жазосини олади.
Иккинчи жуда муҳим йўналишимиз – давлат маблағлари тақсимоти устидан жамоатчилик назорати. Бугун ҳам жамоатчилик назорати билан боғлиқ масала ялпи мажлисга қўйилган», – деди Эркин Йўлдошев.
Йўлдошев коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг ролини ҳам эътироф этиб ўтди.
«Яна бир ўта муҳим йўналишлардан бири – ахборот воситаларининг эркин ва мустақил фаолият олиб бориши учун имконият яратиш. Бу антикоррупцион жараённи кучайтиришнинг фавқулодда омили экани сир эмас. Антикоррупцион чоралардан халқни имкон қадар кўпроқ хабардор қилишимиз шарт.
Бугунги кундаги ижтимоий тармоқлар, матбуотнинг бугунги фаолияти, халқ билан боғланганлиги даражаси жамиятда антикоррупцион муҳитнинг мутлақо яхшиланишига жиддий таъсир кўрсатяпти, десак хато қилмаймиз.
Буларнинг йиғиндисини оладиган бўлсак, нафақат мансабдорлар, балки бутун аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш биринчи ўринга чиқяпти.
Ва ниҳоят. Коррупцияни битта ҳамла билан йўқ қилиб бўлмайди. Битта сермаб қилич тортган билан коррупция таг-томири билан йўқ бўлиб кетмайди. Иложи йўқ нарса бу. Бунинг учун кенг қамровли машаққатли жараёндан ўтишимиз керак бўлади», – деди Эркин Йўлдошев.
Бош прокурор ўринбосарига кўра, бу борада Бош прокурор раҳбарлик қилаётган коррупцияга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссиянинг фаолиятигина етарли эмас, бунинг учун аҳоли вакилларининг ҳам ёрдами зарур.
«Бугунги кунда бош прокуроримиз раҳбарлик қилаётган коррупцияга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия фаолияти етарли эмас. Бизнинг коррупция билан курашишимиз фақат жиноятчиликни топиб олиб, жазолаш эмас, балки унга олиб келадиган сабабларни аниқлаш ва бартараф қилишдан иборат.
Бунинг учун эса бутун халқ, жамият қўзғалиши керак. Коррупцияга кўнмаслик деган кайфият шаклланиши керак», – деб таъкидлади Йўлдошев.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026