Ўзбекистон | 16:24 / 23.08.2019
16329
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўринбосари сенаторларни коррупцияга қарши курашда фаолроқ бўлишга чақирди

Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев Сенат ялпи мажлисида сенаторларга мурожаат қилиб, улардан ўзларидаги антикоррупцион куч ва имкониятлардан фаолроқ фойдаланишни илтимос қилди.

«Бу ерда халқимизнинг энг олдинги қатордаги вакиллари – сенаторлар ўтиришибди. Коррупцияга қарши курашишда сенаторларнинг ўрни бўлакча, деб ҳисоблаймиз.

Тўғрисини айтиш керак, сизларнинг антикоррупцион куч ва имкониятларингиз тўғри ишлаб кетгани йўқ. Олий Мажлис палаталарида махсус қўмиталар тузилди, лекин қўмита ўзининг йўлига. Ҳар бир депутатнинг, ҳар бир сенаторнинг коррупцияга қарши кураш масалаларида алоҳида ўрни, ўзининг масъулияти, юқори мақсади бор.

Шу нуқтайи назардан, муҳтарам сенаторлар, сизларга ҳам мурожаатимиз бор. Тўғри қабул қиласиз, илтимосимиз бор. Мана шу жараёнда фаол ҳамкорлик керак, деб ҳисоблаймиз. Ҳал этувчи кучга айланишингизни сўраймиз», – деган Йўлдошевнинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Сенат раиси Танзила Норбоева Бош прокурор ўринбосарининг бу фикрини маъқуллади.

«Бу – саволга жавобдан ҳам кўпроқ прокуратуранинг мурожаатига айланиб кетди (кулади). Фикрларингиз жуда ҳам тўғри. Биринчи навбатда – қонунга итоаткорлик, иккинчидан – раҳбарлар масъулияти. Қайси тармоқ бўлишидан қатъи назар, маҳаллий ҳокимликми, тармоқми, жамоатчилик ташкилотими. Учинчидан, ҳуқуқий маданият», – дея хулоса қилди у.

«Мана шундай муҳитни яратиш – ҳаммамизнинг бўйнимизда турган вазифа», – деб қўшимча қилди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид