Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари сентябрнинг 2-ўн кунлигида Наманган вилоятидаги “Ғурумсарой” полигонида биргаликда ҳарбий машғулотлар ўтказадилар.
“Ховар” ахборот агентлигига Тожикистон мудофаа вазири матбуот хизмати бошлиғи Ориф Нозимиённинг хабар беришича, машғулотлар “Марказ-2019” стратегик қўмондонлик-штаб машғулотлари доирасида бўлиб ўтади. Икки давлат ҳарбийлари минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича вазифаларини бажаришади.
Машғулотлар давомида қўшинларнинг халқаро террорчиликка қарши курашдаги ўзаро ҳаракатланиши ҳамда разведка-қидирув ва мудофаа ҳаракатларини олиб бориш малакалари машқ қилинади.
Августда икки давлат ҳарбийлари тоғли ҳудуд шароитида аксилтерррорчилик машғулотлари ўтказишганди. Машғулотлар Тожикистон ва Фарғона водийси ҳудудларида бўлиб ўтган.
















