Ўзбекистон | 18:42 / 02.10.2019
38612
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Меҳмонхоналар тўлиб кетган, Сенат аъзоларини қаерга жойлаштиришни билмаяпмиз»

Фото: KUN.UZ

Тошкентдаги меҳмонхоналарда бўш жой топилмаслиги туфайли Сенатнинг ялпи мажлислари олдидан сенаторларда яшаш жойи масаласида муаммо туғилмоқда. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг қўмита раиси Алишер Курманов маълум қилди.

«Биздаги ҳолат абсурд: 10 кундан кейин Сенат йиғилиши бўлади, биз эса сенаторларни қаерга жойлаштиришни билмаймиз. Меҳмонхоналарда жой йўқ», – деди у.

Курманов бу ҳақда чоршанба куни, Олий Мажлис Сенати ва Россия Федерациялар Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг Тошкентда ўтган йиғилишида айтиб ўтди.

У ўз сўзида бу йил Ўзбекистонга туристлар оқими сезиларли даражада ўсганини эслаб ўтди.

«Ўсиш бундан ҳам каттароқ бўлиши мумкин эди, аммо муаммо шундаки, бизда меҳмонхоналар, самолётлар, поездлар ва чегаралар сайёҳларнинг улкан оқимига бардош бера олмайди», деб изоҳ берди Алишер Курманов.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, 2019 йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистонга 4,3 млн хорижлик сайёҳ келган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига (3,4 млн) нисбатан 26,7 фоизга кўпроқ демакдир. Натижада туристик хизматлар экспорти 854,5 млн долларни ташкил қилган (ўсиш – 28 фоиз).

Туризм қўмитаси йил охирига қадар Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сони 6,5 миллион кишига етишини прогноз қилган. Бу – 2018 йилга нисбатан 15 фоизга юқори кўрсаткичдир.

Мавзуга оид