Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Kun.uz сайтида «Иштихон машина-трактор паркига онлайн аукционда ютиб олган ғолиб у ерга кира олмасдан сарсон бўлмоқда» сарлавҳаси остида журналистик суриштирув эълон қилинган эди.

Ушбу мақолага Мажбурий ижро бюроси ҳамда Самарқанд вилояти «Агросервис МТП»нинг муносабатлари эълон қилинган эди.

Иштихон туман ҳокимлиги ҳам таҳририятимизга ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдирди:

Иштихон шаҳри, Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган, умумий ер майдони 8,3 гектар, бино-иншоотлар ости майдони 8421,41 кв.метрдан иборат бўлган бино-иншоотларга Иштихон туман ҳокимининг 2016 йил 12 апрелдаги 363-сонли қарори билан Самарқанд вилоят МТПлар бирлашмаси номига эгалик ҳуқуқи берилган.

 

«Туронбанк» АТБ Самарқанд филиали билан Самарқанд вилояти «Агросервис машина трактор парклари» МЧЖ ўртасида 2017 йил 6 июнда тузилган «Гаровга тақдим этилаётган мулкларни гаров қийматини келишув далолатномаси»га асосан Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятига қарашли Иштихон шаҳри Иштихон кўчаси 84-уйда жойлашган бино-иншоотлар қиймати белгиланиб, бино-иншоотлар (ер майдони эмас) гаровга қўйилиши кўзда тутилган.

Мазкур далолатнома тузилгунга қадар, яъни Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятининг 2017 йил 4 майдаги 05/7-192–сонли хатига асосан 1,0 гектар ер майдони ҳамда 0,3 гектар ер майдонлари туман ҳокимининг 2017 йил 20 майдаги 1362-Қ-сонли ҳамда 2017 йил 20 майдаги 1363-Қ-сонли қарорлари билан жами 1,30 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига олинган.

Шунингдек, Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятининг 2017 йил 25 декабрдаги 05/7-548-сонли хатига асосан туман ҳокимининг 2018 йил 15 февралдаги 406-Қ-сонли қарори қабул қилиниб, унга кўра Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамияти 0,82 гектар ер майдони ҳам туман ҳокимлиги захирасига олинган.