Туркия пойтахти Анқарада, парламент депутатининг уйидаги номаълум ҳодиса оқибатида вафот этган ўзбекистонлик Нодира Қодированинг ўлими икки ҳафтадан буён ҳам ўзбек, ҳам турк жамоатчилиги диққат марказида бўлиб турибди.
Kun.uz мухбири мазкур шубҳали ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмаги билан, Анқара шаҳар бош прокурори Юксел Кожаман қабулида бўлди.
Суҳбат аввалида прокурор Ўзбекистон ва Туркия халқларини қардошлик ришталари боғлаб туришини таъкидлаб ўтди.
«Биринчи навбатда шуни айтишим керакки, бизни Ўзбекистон билан самимий дўстлик алоқалари боғлаб туради. Қардош Ўзбекистон халқининг биздан хафа бўлишини истамаймиз.
Биз, у ким бўлишидан қатъи назар, адолатли тарзда суриштирув олиб борамиз. Ўзбекистон ватандошлари бизнинг ҳимоямиз остида», – деди Кожаман.

Анқара шаҳар бош прокурорининг фикрича, айрим нашрлар ҳодисани жуда бўрттириб ёритмоқда. Яъни бу орқали баъзилар ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясини обрўсизлантиришга уриняпти.
«Ҳодиса Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги депутати уйида бўлгани учун ҳам одамлар орасида ҳар хил гап-сўзлар юрибди.
Бу ерда баъзи нашрлар томонидан партияга қарши турли фитналар қилиняпти. Бу каби ҳолатлардан, масалан, мухолифат ҳукмрон партияга босим ўтказиш мақсадида фойдаланиб қолишга уринаётган бўлиши мумкин. Уларнинг ҳам маълум даражада ОАВга таъсири бор. Лекин биз бу фитнага учмаймиз, бу босимларга ён бермаймиз. ОАВ босим ўтказишда давом этиши мумкин, аммо биз ўз ишимизни профессионал бажаришда давом этамиз», – дейди у.
Юксел Кожаман бевосита ҳодиса ҳақида тўхталар экан, воқеани суицид деб гумон қилиш учун баъзи асослар борлигини маълум қилди.
«Воқеа рўй берган хонадаги барча ашёвий далиллар ўрганилмоқда, хона ўша вақтда видеотасвирга туширилган. Суриштирув тугагандан кейин бор далилларни тақдим этамиз.
Биздаги биринчи далил – орган ходимлари борган вақтда қизнинг хонаси ичкаридан қулфланган бўлган. Шундай бўлса-да, шу фактнинг ўзи билан чекланиб, суриштирув ишларини тўхтатиб қўймоқчи эмасмиз.
Одамлар орасида тўппонча икки қўл билан ушлаб отилгани ҳақида гаплар юрибди. Лекин экспертиза қилганимизда бир қўл билан ўқ узилганини аниқладик. Уйдаги ҳамма шахсларнинг бармоқ изларини олганмиз», – деди прокурор.








