Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу чоршанба куни CNN Türk телеканалида чиқиш қилиб, журналистлар саволларига жавоб берди. Дастурда бир нечта мавзулар қаторида Нодира Қодирова иши бўйича ҳам савол берилди.
Эслатиб ўтамиз, 1996 йилда туғилган жиззахлик Нодира Қодирова 23 сентябрь оқшомида Туркия парламентарийси Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида рўй берган номаълум ҳодиса оқибатида вафот этган эди. У депутатнинг хонадонида тахминан бир йилдан буён оқсоч бўлиб ишлаб келган.
«Ҳаммамизнинг ҳам уйимизда хизматчилар ишлаши мумкин. Масалан, менинг уйимда ҳам оқсочлар бор. Ҳозир хонадонимда шунга ўхшаш нарса рўй беришидан қўрқиб қолганман. Аллоҳ сақласин!
Бу жараёнга жамоатчилик ёки баъзи доиралар томонидан бошқача тус беришга уринишлар бўляпти. Мен бу воқеани имкон қадар кузатиб боряпман. Ҳодиса рўй берганидан 5 дақиқа ўтиб менга хабар етиб келган, мен зудлик билан Анқара полицияси бошлиғини жўнатган эдим. Полиция бошлиғи 9 дақиқада у ерга етиб борган, унинг ортидан тез тиббий ёрдам келган. Улар қулфлоғлиқ эшикни очиб киришган.
«У ўзини ўлдирмаган, уни ўлдиришган» деган гаплар юрибди. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Шов-шувларнинг ҳаммаси депутатнинг исми билан боғлиқ.

Бу ерда адолатни қарор топтиришдан ҳам ташқари виждон ва инсонийлик масъулияти ҳам бор. Жиноят эҳтимоли бўлган барча ҳолатларда қандай йўл тутилса, бу вазиятда ҳам худди шундай қилинган. Прокуратура тегишли баёнот билан чиқди. Суд-тиббий экспертизаси ҳам қилинган, тегишли намуналар олинган.
Бу каби ҳолатларда ОАВнинг баъзи қисми тушкун аҳволда қолган оилаларга босим ўтказади. Кўриб турибман, Қодированинг оила аъзолари айни мана шу ҳиссиёт таъсирида фикр билдиряпти. Ишонинг, айни пайтда барча ҳуқуқий жараёнлар талаб даражасида кетмоқда», деган вазирнинг сўзларини келтирди «Жумҳурият» нашри.
Қодирова оиласининг адвокати ишни топширди
Туркия Аввало аёллар ва болалар ассоциацияси раҳбари, ҳуқуқшунос Мужде Тозбей-Эрден мазкур иш доирасида Нодира Қодирова оиласининг адвокати бўлишдан воз кечганини эълон қилди.









