Россия бош вазири Дмитрий Медведев АҚШнинг Ўзбекистон ва Евросиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига киришини мураккаблаштириши ҳақидаги баёнотини рақобатбардош бўлмаган курашнинг кўриниши, деб атади. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.

«Бугун Ўзбекистонда Америка Қўшма Штатларининг вазирларидан бири, улар шунчалик кўпки, ҳатто ким экани ёдимда йўқ, Евросиё иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қийинлаштириши ҳақида гапирди, - дея изоҳ берган Медведев Евросиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида. - Айтишим мумкинки, бу аниқ рақобатбардош бўлмаган курашнинг усулларидан фойдаланишдир».

Шу билан бирга, Россия бош вазири айнан кимни назарда тутгани маълум эмас. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистонга яқин вақт ичида Америка Қўшма Штатларидан у ёки бу соҳага масъул бўлган вазирлар ташриф буюрмади.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси бош вазирининг фикрига кўра, жаҳон савдосини ташкиллаштиришда чалкашликларни келтириб чиқарадиган, савдо урушларини олиб борадиган ва аслида халқаро савдо айланмасини бузиб кўрсатадиган Америка маъмуриятидан бундай сўзларини эшитиш ғалатидир. Россия ҳукумати раҳбарининг тахмин қилишича, Ғарбдаги ҳамкасблар Евросиёда рўй бераётган интеграция жараёнларини «ёқтирмайди». «Аммо, шубҳасиз, биз бу соҳада шерикларимиз билан ишлашни барча йўналишларда давом эттирамиз», - дея хулоса қилди Медведев.

Фото: Екатерина Штукина/POOL/ТАСС

Аввалроқ, АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Америка-Ўзбекистон савдо палатасида бўлиб ўтган бизнес-форум чоғида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш истаги ушбу мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини мураккаблаштириши ва чўзиши мумкинлигини айтганди.

Бундан олдин, Россия Федерацияси Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилганди.

«Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда», – деди Матвиенко Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида.