Иқтисодиёт | 17:00 / 28.10.2019
29107
3 дақиқада ўқилади

300дан ортиқ маҳсулот импортига бож солиниши юзасидан расмий изоҳ берилди

Ислом Жасимов / Фото: Kun.uz

28 октябрь куни Савдо-саноат палатасида «2019 йил 29 июнь кунги ПҚ-3818-сонли «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори»га ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги президент қарори юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Маълумот учун, ушбу ҳужжат билан Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб, ҳозирда нол ставкада бўлган 300дан ортиқ турдаги товарлар олиб кирилишига бож жорий этилади.

Тадбирни Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов очиб берди.

«Энг аввало шуни таъкидламоқчиманки, мана шу ставкалар белгиланиши, яъни ташқи савдо билан шуғулланиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилиши фақатгина иқтисодий манфаатларни кўзлайди ва бу ҳужжат, бу ўзгартиришларга бирор бир сиёсий тус бериш, уларни сиёсий восита сифатида баҳолаш мутлақо нотўғридир.

Халқаро тажрибани ўрганиб, шундай хулосага келдимки, ҳар бир давлат ташқи савдони тартибга солади. Демакки, ташқи савдони тартибга солиш – ҳар бир давлатнинг ҳам ҳуқуқи, ҳам мажбурияти. Давлатимизнинг ҳуқуқий чорани қўллашга ҳам ҳаққи бор, ҳам ички ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялашга мажбурдир.

Протекционистик чоралар қўлланилди, деган гапларни эшитяпмиз. Бунинг бошқа йўли йўқ. Миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун давлат протекционизм чораларини қўллашга мажбурдир», – деган Жасимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ССП раисининг биринчи ўринбосарига кўра, қабул қилинган ҳужжат давлат томонидан иккита вазифани бажаришга қаратилган.

«Биринчиси, бу – ташқи савдодаги чекловлар орқали ички иқтисодиётда айрим миллий ишлаб чиқарувчилар учун монополия шароитининг яратилишига йўл қўймаслик.

Иккинчиси – хорижий маҳсулотнинг импорти туфайли иқтисодиёт стратегик соҳаларининг «ўтириб қолишига» йўл қўймаслик.

Тобора ва тезкорлик билан глобаллашиб бораётган жаҳон иқтисодиётида миллий иқтисодиётни бошқариш осон эмас. Агар бирор бир давлат ташқи савдони ўз ҳолига ташлаб қўйса, унда иқтисодиёт «истеъмолчи иқтисодиёт»га айланади», – деб таъкидлади Ислом Жасимов.

Мавзуга оид:
Юзлаб янги божлар бирламчи истеъмол товарлари нархи ошишига таъсир қилмайди – Вазир ўринбосари

Божларнинг ошиши ва халқ саломатлиги – муҳим нарсалар ҳисобга олиндими?  

Мавзуга оид