Эндиликда Ўзбекистон аҳолисига табиий газ мавжуд ресурсга қараб эмас, талабга кўра етказилиши мўлжалланмоқда. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Сайидов Kun.uz`га берган интервьюсида маълум қилди.
Суҳбат давомида «Ўзтрансгаз» раҳбари шу ва бошқа қатор мавзулар юзасидан фикр билдириб ўтди.
– Каттақўрғондаги бир неча қишлоқда магистрал газ қувури ёқасида қурилган уй-жойлар можароси 13 йилдан бери давом этмоқда. Kun.uz ҳам бу масалани ўрганган эди. Муаммонинг ечими борми?
– Мазкур масала диққат марказимизда турибди. Бу уйлар «Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент» магистрал қувури атрофида қурилган ва бу қувур жуда эскирган. 2007-2010 йилларда шу қувур атрофидаги қурилишлар юзасидан кўп тортишувлар бўлган, 12 та қурилиш бўйича компенсациялар тўлаб ҳам берилган. Аммо ҳар бир магистрал газ қувурининг ҳимоя зонаси бор, ҳажмига яраша бу зона 125, 140, 200 метргача бўлиши мумкин.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, «Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент» магистрал қувури атрофида яна 88 та ана шундай ҳолатлар аниқланган. Яъни бу фақат Каттақўрғон билан чекланиб қолмайди. Шу сабабли бу масала Сенатнинг ялпи йиғилишида кўтарилди ва ҳукуматга парламент сўрови юборилди.
Ҳукумат томонидан тузилган махсус ишчи томонидан гуруҳ магистрал газ қувурлари ҳимоя зонасидаги барча бино-иншоотлар хоҳ у қонуний, хоҳ ноқонуний бўлсин, инвентаризация қилинади ва шундан кейин уларнинг кейинги тақдири бўйича бир қарорга келинади.
Бир нарсани таъкидлашни истардим, ҳимоя зонаси бежизга белгиланмаган. Бу талабларнинг аксарияти қон билан ёзилган, улар қўлланилишига қандайдир ҳолатлар сабаб бўлган. Биз учун юртдошларимиз хавфсизлиги биринчи ўринда туради.
– Харитада юртимизга кириб келган ва чиқиб кетаётган жуда кўп газ қувурларини кўряпмиз. Кириш ва чиқиш ўртасидаги тафовут қай даражада?

– Ўзбекистон азалдан газ экспорт қилувчи давлат ҳисобланган ва биз ҳеч қачон импорт қилмаганмиз. Мамлакатимиз экспортдан ташқари транзит хизматларини ҳам кўрсатувчи давлат ҳамдир. Экспортимиз асосан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Хитой каби давлатларга йўналтирилган.
















