Клуб юбилей сондаги Осиё анжуманини ўтказиш жойи сифатида илк бор Ўзбекистонни танлади.

Жорий йилдаги анжуманнинг мавзуси “Марказий Осиё ва Евросиё: глобал тартибсизлик чақириқлари олдидаги кўп томонлама ҳамкорлик” деб номланади.

Анжуманнинг муҳимлиги шундаки, бугунги кунда Осиё замонавий дунёнинг энг муҳим геосиёсий марказларидан бирига айланмоқда ва жаҳон иқтисодий ривожланишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

“Валдай” клубининг Самарқанддаги анжуманида 11 та давлатдан, жумладан Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон, Тожикистон, Германия, Франция, Япония ва Швециядан 70 дан кўпроқ эксперт иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистондан анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Қурманов, Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси Акмал Саидов иштирок этади. Экспертлар даражасида эса Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Дониёр Қурбонов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг Халқаро иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Шерзод Абдуллаев қатнашади.