Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Kun.uz'га берган интервьюсида соҳадаги долзарб масалалар, шунингдек алоҳида имтиёз ва преференцияларга оид фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ўзбекистонда ислоҳотларни бошлаганимизга уч йил тўляпти. Ундан олдин 25 йил, биласиз, бошқача тизимда яшадик. Ундан ҳам олдин 70 йилдан кўпроқ вақт маъмурий буйруқбозлик тизимида фаолият юритдик. Яъни бозор иқтисодиёти нималигини, рақобат нималигини, шу каби бошқа элементар тушунчаларни билмай келдик.

Мисол тариқасида айтаман, инвестициялар ва ташқи савдо масалалари билан ишлашда тизимли ёндашув 2019 йилга келиб ташкил қилинди. Яъни ислоҳотлар икки йил давом этгандан кейингина шундай тизим яратиш керак, деган тўхтамга келдик. Тизим яратилди ва биз мутлақо янгича ёндашув асосида ишлашни бошладик.

Масалан, шаффофлик ҳақида гапирдингиз. Ҳозир бутун дунё олқишлаяпти – Ўзбекистонда тарихда биринчи марта муқобил энергетика соҳасида аукцион ўтказилди. Унда БААнинг Masdar компанияси ғолиб бўлди. Электрэнергия тарифи арзонлигини мисли кўрилмаган рекорд десак ҳам бўлади, шундан кейин ҳатто қўшни давлатларимиз ҳам бизга чиқиб, «Нима қиляпсизлар, бутун бозорни синдириб қўйдинглар-ку, нарх бунчалик паст?» дейишди. Биз айтдик, мана – рақобат ва шаффофликнинг ҳақиқий натижасини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Энди шунга ўхшаган ҳамма лойиҳаларни фақат шу асосда амалга оширишни ўзимизга мақсад қилиб қўйдик», – дейди вазир.

Унинг фикрича, имтиёз ва преференциялардан воз кечиш керак.

«Албатта, имтиёз ва преференциялар бўлмаслиги керак. Имтиёз-преференциялардан воз кечиб, қонуний шароит яратишимиз керак. Битта мисол. Катта-катта инвесторлар келса, биз улар билан инвестициявий шартномага қўл қўяйлик, деб келишув тузамиз. Унда томонларнинг мажбуриятлари ёзилади: у тараф нимани ўз бўйнига олади, ҳукумат тарафи уни нима билан (имтиёз ва ҳ.к.) таъминлаб беради... Менинг фикрим: биз ҳозир шундай йўналишга тушиб олишимиз керакки, оқибатда бунақа инвестициявий келишувларга ҳам ҳожат бўлмаслиги керак.