Сурхондарёда ҳамшира беморнинг бувиси томонидан калтакланди
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида беморга ёрдам бермоқчи бўлган ҳамширага унинг бувиси томонидан тажовуз содир этилгани тасвирланган видео тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу видеохабарни атрофлича ўрганди.
«2020 йил 5 январь куни соат 19:00 атрофида Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг қабул бўлимига 2017 йил туғилган бемор Ф.М.нинг тана ҳарорати юқори эканидан шикоят қилиб, амакиси ҳамда бувиси томонидан мурожаат қилинади.
Қабул бўлими ҳамшираси С.Б. биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида беморнинг тана ҳароратини ўлчайди. Тана ҳарорати юқори эканини аниқлаган ҳамшира ҳароратни тушириш мақсадида парацетамол шамчасини қўйиш учун беморни муолажа хонасига олиб киришни кўрсатади. Шунда тўсатдан беморнинг бувиси сабабсиз ҳамширанинг шахсиятига тегадиган ҳақорат сўзлар билан бақириб, уни калтаклайди.
Шунга қарамай, қабул бўлимида навбатчи шифокор А.Н. томонидан бемор Ф.М.га биринчи ёрдам кўрсатилган ва «Ўткир респиратор касаллиги» ташхиси билан стационар даволанишга ётқизилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Боланинг амакиси, бувиси ва қариндошлари томонидан калтаклаган ҳамшира С.Б. «Бош мия чайқалиши, чап чакка соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши» ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматология бўлимига ётқизилган. Беморнинг аҳволи тажрибали шифокорлар томонидан назоратга олинган бўлиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилинган. Мазкур вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.
«Биз бу касбни калтакланиш, хўрланиш учун танламаганмиз. Бу воқеа оиламизга, тўрт нафар фарзандимизнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилди. Шифокорларга нисбатан қилинаётган тажовузлар қачонгача давом этиши мумкин? Ўз хизмат вазифасини тун-у кун бажараётган тиббиёт ходимининг хавфсизлиги қачон таъминланади? Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан турмуш ўртоғимга қўл кўтарганларга нисбатан кескин жазо чораларини кўришларини талаб қиламан», дейди калтакланган ҳамширанинг турмуш ўртоғи, тиббиёт ходими Холмўмин Эшдавлатов.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор тиббиёт ходимларини ҳимоялаш бўйича қонунчиликни кучайтиришга чақирган.
«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда беморларнинг қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани, айниқса, бу ҳолатга хотин-қизларимизнинг ҳам аралашаётгани ачинарли ҳолдир.
Дарҳақиқат, тиббиёт ходимларини ҳимоялаш борасида қонунчиликни кучайтириш, жамоатчилик назоратини кенгайтириш, аҳолида тиббий хизматдан фойдаланиш ва шифокорларга нисбатан муомала маданиятини оширишга жиддий эътибор қаратишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда», дея қўшимча қилинган вазирлик хабарида.
Бироз аввалроқ Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими жарроҳи беморнинг қариндоши тажовузи оқибатида кўриш қобилиятини йўқотгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
16:35 / 26.11.2024
Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024
Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади
11:53 / 13.11.2024