Умра мусулмонлар учун ҳаждан кейинги иккинчи муқаддас диний ибодат ҳисобланади. Ҳаж зиёрати нархи анча юқорилиги ва навбат ҳам катталиги сабабли умрага бориш истагида бўлган талабгорлар кўпчиликни ташкил этади.
Хўш, умра зиёратини ташкиллаштириш ишлари, белгиланган нарх, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ўзбекистонликларни қониқтиряптими? Kun.uz аҳолининг шу мавзудаги фикрлари билан қизиқди.
Умра зиёрати учун тўлов миқдори қанча?
1 январдан бошлаб Ўзбекистонда умра зиёрати нархи 13 миллион сўм атрофида белгиланган. Бироқ ҳозиргача бу ҳақда расман маълумот берилгани йўқ. Ҳолбуки, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар, жумладан нархлар миқдори мунтазам равишда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши керак.
Ҳаж ва умра масалалари бўйича республика жамоатчилик кенгашининг расмий телеграм каналида ҳам тўлов миқдори ҳақида маълумот йўқ. Каналда 2020 йил 1 январдан Саудияга борувчи барча мамлакат фуқароларига тиббий суғурта учун 189 саудия риёли (50$) давлат божи жорий қилингани, ушбу қўшимча тўлов умра ва ҳаж визалари учун амалда бўлиши маълум қилинган, холос.
«Бизда нархлар жуда қиммат»
«Умрага бормаганман. Нарх арзон бўлганда албатта борардим, ҳар бир мусулмон умрида бир марта бўлсин ҳаж ёки ҳеч бўлмаганда умра зиёратини адо этишни истайди. Лекин пенсиям кичкина, мактабгача таълим соҳасида 21 йиллик стажим бўлса ҳам, пенсиямнинг миқдори кам чиқди.
2019 йилнинг сентябрида опам хусусий турфирма орқали умра зиёратига бориб келди. Қийналмасдан ибодатларини адо этиб, хурсанд бўлиб қайтди. Яхши шароит қилиб беришибди. Тўғрисини айтганда, опам маҳалладан ҳажга ёзилган эди. Саккиз йилдан бери кутяпти навбатлари келишини, ҳали келгани йўқ. Ёшлари катта бўлиб қолгани учун ҳаж қилолмаганимга яраша умрага бўлса ҳам бориб келай, насиб этса ҳажгаям йўлим очилар, деб умра зиёратини адо этиб келдилар. Энди ҳажни орзулаб ўтирибдилар», дейди йўловчилардан бири.









