Kun.uz мухбирлари Россиядаги ватандошлар ҳаётини ёритиш, улар дуч келаётган қийинчиликларга бевосита гувоҳ бўлиш учун хизмат сафари билан Россия Федерациясида бўлиб қайтди.

Шу асосда тайёрланган материаллар сайтимизда эълон қилиб борилмоқда. Биз мухбирларимизнинг бир ойдан кўпроқ вақт давом этган сафари таассуротлари билан қизиқдик.

«Ўзбекистон поездини нега чегарадан ташқари транзит бекатларда ҳам текширишади?»

Толиб Раҳматов: Поезд сафарида бир нарсага ҳайрон қолдим. Уч кунлик йўлнинг деярли икки куни Қозоғистон ҳудудидан ўтади. Ўзбекистон темир йўлларига қарашли таркиб транзит ҳудуддан ўтяпти. Билишимча, ўзи одатда транзит ҳудуддан ўтаётган темир йўл таркиби, вагонлари Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланади. Биз рухсат берилган жойда 10-15 дақиқага бекатларда тушишимиз мумкин, лекин уни тарк эта олмаймиз.

Мени нима ажаблантирди? Божхонадан ўтдик. Икки кун давомида Қозоғистон ҳудудидан юришимиз давомида ҳар бир бекатда қанақадир навбатчи чиқиб, Ўзбекистон поезди – яъни Ўзбекистон ҳудудида текшириш ўтказиши мени ажаблантирди. Ҳукуматлар келишувида бу нарса бор-йўқлигидан хабарим йўқ, лекин менимча, бундай бўлиши керак эмас. Ноқонуний мол олиб ўтилаётганига шубҳа бўлса, иккита чегарада божхона пункти бор – ана ўша ерда аниқлашсин, ўша ерда кўрадиган чорасини кўрсин.

«Ватандошингизнинг ожизлигини кўриб, ичингиз ачиркан»

Раҳматилло Исроилов: Яқинда паспортимни йўқотиб қўйиб, янгисини олгандим. Қозоғистондан ўтиб, Россия чегарасига келганда бу кузатувчиларда шубҳа уйғотди. Паспортдан бошқа ҳужжатим йўқ эди. Бу сохта паспорт деган гумон билан мени шубҳа остидагилар хонасига олиб киришди.