Ўзбекистон | 09:04 / 13.02.2020
2714
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида Германия иқтисодиётининг ваколатхонаси очилади

Германия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади, Тошкент шаҳрида Германия иқтисодиётининг ваколатхонаси очилади

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2020 йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ҳовсеп Восканян билан учрашди.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, қўшма тадбирларни, жумладан Германия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, Тошкент шаҳрида Германия иқтисодиётининг ваколатхонасини очиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишини, хусусан 2019 йилда 980 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 26 фоизга ошишини ижобий баҳоладилар ва 2019 йили Берлин ва Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Германия саммитлари чоғида эришилган олий даражадаги келишувлар руҳида савдо соҳасидаги ҳамкорликни оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Учрашувда Германиянинг 40 га яқин компаниялари ва банклари Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очганлиги, 200 дан ортиқ қўшма корхоналар ташкил этилгани, шундан 61 таси 100 фоиз Германия капитали иштирокида ташкил этилгани таъкидланди.

Германия ишбилармон доиралари вакилларининг 5-6 март кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент инвестиция форумида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу тадбир Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирган халқаро бизнес учрашувлари учун энг йирик майдонга айланиши кутилмоқда, дейилади ТИВ хабарида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид