Янги коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиши пандемия тусини олди, деб маълум қилди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

Дунёда эпидемиялар тобора кўпаймоқда. Нима учун?

«Яқин кунлар ва ҳафталарда касаллик юқтириш, ўлим ҳолатлари ва коронавирус қайд этилган мамлакатлар сони ошишини кутмоқдамиз... Биз Covid-19 пандемия деб баҳоланиши мумкин деган хулосага келдик.

Биз аввал ҳеч қачон коронавирус туфайли пандемия рўй беришига дуч келмаганмиз. Шунингдек, назорат қилиш мумкин бўлган пандемияга ҳам.  [...] 114 давлатда қайд этилган 118 мингдан ортиқ ҳолатнинг 90 фоиздан ортиғи фақат тўрт давлатда, улардан иккисида, Хитой ва Жанубий Кореяда касалланганлар сони сезиларли даражада камаймоқда», деган у.

ЖССТ раҳбарининг қайд этишича, Covid-19 тарқалишига янги ном берилиши коронавирусга қарши кураш олиб бораётган давлатларга берилган тавсияларни ўзгартирмайди.

«Вазият пандемия деб аталиши ЖССТнинг ушбу коронавирус туфайли мавжуд таҳдидни баҳолаш мезонларини ўзгартирмайди. Бу ЖССТ қилаётган ишларга ҳам, бошқа давлатлар қилиши керак бўлган ишларга ҳам таъсир кўрсатмайди», дейилади ташкилот баёнотида.

Шу вақтга қадар ЖССТ Covid-19 тарқалишини фақат эпидемия сифатида баҳолаб келаётганди.

ЖССТ атамашунослигига кўра, бир касаллик кутилмаганда маълум бир мамлакат ёки минтақада кенг тарқалиши эпидемия деб аталади. 2010 йилдан ЖССТ юқумли касалликнинг бутун дунё бўйлаб тарқалишини пандемия деб ҳисоблай бошлаган.

Коронавирус: Мавжуд вазият ва келажак тахминлари

Сўнгги маълумотлар

Айни вақтда касаллик барча қитъаларга тарқалган. 110дан ортиқ мамлакатда жами 112 289 кишида вирус аниқланган. Эпидемия бошланганидан буён 4389 киши вирус қурбони бўлган, 67 009 киши соғайиб кетган.

Вирусдан энг кўп зарар кўрган давлат вирус тарқалишни бошлаган Хитой бўлиб турибди - 80 790 касалланиш ҳолати ва 3158 ўлим ҳолати.

Эпидемиянинг яна уч ўчоғи юзага келган - Италияда вирусдан зарарланганлар сони 10 мингдан ошган, 631 киши ҳалок бўлган, Эронда касалланганлар сони 10 мингга яқинлашган, 354 киши ҳалок бўлган, Жанубий Кореяда 8 мингга яқин бемор қайд этилган, 60 киши вафот этган.