Ҳужжат билан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Жумладан:
Солиқ соҳасида
- 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 июлига қадар туристик (меҳмонхона) йиғим ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади;
- Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларни суғоришда фойдаланилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳажмлар бўйича солиқ ставкалари 2020 йилда белгиланган ставкаларнинг 50 фоизига камайтирилади;
- Жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилади;
- Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилади;
- 2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахсларнинг хайрия ташкилотларидан моддий манфаат кўринишида оладиган даромадлари солиққа тортишдан озод этилади;
- Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромад солиғига белгиланган ставкани 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди.
- Маҳаллий ҳокимият органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини фоизларсиз 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини тақдим этади. Бунда, ушбу солиқларни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчининг аризаси ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосалари асосида бошқа ҳужжатларни талаб қилмасдан тақдим этилади.
2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар:
- якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизига камайтирилади;
- алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилади;
- алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун умумий овқатланиш ташкилотларининг йиғим миқдори белгиланган миқдордан 25 фоизга камайтирилади.
2020 йил 1 октябргача:
- хўжалик юритувчи субъектларга ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун жарималар қўллаш тўхтатилади;
- солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловлари бўйича пеня ҳисобланишини тўхтатиб туради ҳамда солиқ қарзларини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди.







