Ўзбекистон | 11:55 / 25.03.2020
56977
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдан Фарғонага учиб келган чартер рейс йўловчиси инсультдан вафот этди

25 март куни чартер рейс билан Истанбулдан Фарғонага учган 63 ёшли фуқарога бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

«Шу йилнинг 25 март куни чартер рейс билан Истанбулдан Фарғонага учган ногиронлиги бўлган 63 ёшли фуқаро Ф.нинг аҳволи самолётда оғирлашган. Унда юрак етишмовчилиги, оёқ ва қўлларида ҳаракатсизлик кузатилган. Бу ҳақда хабар олингач, Фарғона шаҳар халқаро аэропортига махсус жиҳозланган реанимобил тез тиббий ёрдам машинаси ўз вақтида етиб келган.

Шундан сўнг беморга зудлик билан реанимацион муолажалар кўрсатилган. Машина ичида унга юрак, нафас тизимини яхшилаш учун муолажалар бажарилиб, дефибриляция амалиёти тезкорлик билан ўтказилган. Стандартлар бўйича ўтказилган муолажаларга қарамасдан, бемор вафот этган.

Унга бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Айни пайтда суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, 25 март куни соат 07:30да «Истанбул-Фарғона» чартер рейси орқали Туркиянинг Истанбул шаҳридан жами 244 киши ( шундан 243 нафари Ўзбекистон фуқаролари ва 1 нафари Қозоғистон фуқароси бўлган аёл) Фарғона халқаро аэропортида кутиб олинди.

Фарғона халқаро аэропортида мазкур фуқароларда белгиланган санитария талаблари асосида зарарсизлантириш ишлари ўтказилган. Текширув натижасида тана ҳарорати юқори бўлган фуқаролар аниқланмаган.

Туркиянинг Истанбул шаҳридан Фарғона вилоятига олиб келинган фуқаролар махсус ажратилган 12та автобус ва 2та юк машинасида эндемик давлатлардан олиб келинган фуқароларни жойлаштириш мақсадида тайёрланган Олтиариқ туманидаги «Қизилтепа» фахрийлар сиҳатгоҳига жойлаштирилган ва тўлиқ тиббий кузатувга олинган.

Мавзуга оид