Ўзбекистон | 18:11 / 13.04.2020
18699
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида янги ҳокимлик ташкил қилинди

Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа тумани ҳокимлиги ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Бу қарорда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг Тупроққалъа туманидаги бўлинмалари рўйхати ҳамда ушбу туманни ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланди.

Республика комиссияси туманни ташкил этиш билан боғлиқ зарур комплекс ташкилий-техник тадбирлар режасини ишлаб чиқиши, шунингдек юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаши кўрсатиб ўтилди.

Туманда қўшимча штат бирликлари ажратилган ҳолда адлия бўлими ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, шунингдек давлат хизматлари маркази ҳам ташкил этиладиган бўлди.

2020 йил 1 сентябрга қадар туман марказининг 2035 йилгача бўлган бош режаси ишлаб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, туманнинг бутун ҳудуди учун «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасидаги имтиёз ва преференциялар амал қилиши белгиланди.

Мавзуга оид