Пандемия сабабли чегаралар номаълум муддатга ёпилиши ортидан дунёнинг кўплаб давлатларида қийин вазиятда қолаётган ўзбекистонликлардан сайтимизга кўплаб мурожаат келиб тушмоқда.

Хўш, Ўзбекистонга қайтиш учун нима қилиш керак? Kun.uz мухбири шу саволга жавоб олиш мақсадида Россияда фаолият олиб бораётган юрист Ботиржон Шермуҳаммад билан боғланди.

Ҳуқуқшунос саволимизга жавоб берар экан, дастлаб бутун дунёда амал қилаётган карантин тартиби ва Россиядаги ўзбекистонликлар сони кўплигини инобатга олганда бу унчалик осон эмаслигини таъкидлади.

Унга кўра, Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари аввало чартер рейслар учун рўйхатдан ўтиши ва ўз навбатини кутиши керак. Чартер рейс ташкил қилинганда элчихона ходимлари навбат бўйича ҳар бир фуқаро билан боғланади.

Чартер рейсларда энг аввало беморлар, ҳомиладор аёллар, кексалар ва ёш болалилар олиб келинади.

Ботиржон Шермуҳаммад чартер рейсларга рўйхатдан ўтиш тартиби борасида ҳам маълумот берди. Унга кўра, фуқаролар уч хил тартибда рўйхатдан ўтишлари мумкин:

1. Чартер рейсларга рўйхатдан ўтиш формасини тўлдириш орқали

2. Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассалари томонидан ташкил қилинган қуйидаги Telegram манзилларига маълумот юбориш орқали:

@UzKoRusCharts1

@UzKoRusCharts2

@UzKoRusCharts3

@UzKoRusCharts4

@UzKoRusBot

3. Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасаларига қўнғироқ қилиб боғланиш орқали.

Call-markaz:

+7 499 230-00-76

+7 499 238-36-20