Ўзбекистон | 14:00 / 13.05.2020
62049
3 дақиқада ўқилади

Беҳзод Мусаев бош вазир ўринбосари бўлиши кутилмоқда

Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Анварович Мусаев бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодировнинг хабар қилишича, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Беҳзод Мусаев номзодини маъқуллаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов бу маълумотни тасдиқлаган.

У айни пайтда сиёсий партиялар фракциялари томонидан ҳукуматдаги янги тайинловлар масаласи кўриб чиқилаётгани, ушбу номзодлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида маъқулланиши кутилаётганини маълум қилган.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати ҳам Kun.uz’га берилган маълумотда Беҳзод Мусаев юқори лавозимга кўтарилаётганини тасдиқлаган.

Беҳзод Мусаев 2018 йилнинг майида Ботир Парпиев ўрнига ДСҚ раиси вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаган, ўша йилнинг декабрида ушбу лавозимга расман тайинланганди.

  • Қонунчиликка кўра, парламент томонидан маъқулланган ҳукумат аъзоси номзоди Ўзбекистон президенти томонидан тайинланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига 2018 йилнинг майида Азиз Абдуҳакимов тайинланган, 2019 йилнинг августидан у фақат таълим-тарбия, туризм ва спорт масалалари билан шуғулланиши маълум қилинган, 2020 йилнинг январида эса Бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланганди.

Шу тариқа, бош вазир ўринбосарлари сони 6 нафарга етмоқда:

  • Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Очилбой Жуманиёзович Раматов;
  • Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири – Жамшид Анварович Қўчқоров;
  • Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси – Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов;
  • Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўктам Исоевич Барноев;
  • Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий муносабатлар масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири – Сардор Ўктамович Умурзоқов;
  • Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Беҳзод Анварович Мусаев.

Мавзуга оид