Паст Дарғомдаги балиқчи фермерлар ва уларнинг ерларини тортиб олмоқчи бўлган туман ҳокими ўртасидаги ўтган йилги курашда ҳоким ютқазган эди. Натижада ҳоким Шунқор Худойбердиевнинг балиқчилар ерини захирага қайтариш тўғрисидаги қарорлари бекор бўлганди.

Энди ҳоким янгича ҳийла ўйлаб топган кўринади. У балки карантин пайтида барчаси хамирдан қил суғургандек осон битар, деб ўйлагандир? Хуллас, ишлайман деган инсонга асло кўмак берилмайдиган, аксинча унга муаммо яратиладиган Паст Дарғомда янги можаро юзага келди.

Kun.uz сайтида балиқчилар муаммоси аввал ҳам ёритилганди. Ўшанда туманга янги тайинланган ҳоким Шунқор Худойбердиев «Ўзбекистон мустақиллиги» массиви ҳудудида балиқ етиштириш учун ер ажратиб берилган тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани, аввалги ҳокимларнинг уларга ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарорларини бекор қилгани баён қилинган эди.

Бир йил муқаддам туман ҳокими буйруғи билан балиқ етиштириладиган ҳовузларга сув ўтказувчи қувурлар бузиб ташланган эди. Ўшанда балиқларнинг катта қисми сувсизликдан қирилиб кетганди.

087108710781002.jpg (800×499)
20818707802-1.jpg (806×504)

Муаммо сайтда қайта-қайта ёритилгач, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, шахсан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов балиқчилик хўжаликлари муаммоси чуқур ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил қилиб, вазиятга аралашган эди.

Кейинроқ, 2019 йил 17 июнда Самарқанд вилояти ҳокимининг Паст Дарғом тумани ҳокимининг айрим қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги қарори чиқарилган (Биз бундан ҳаттоки бехабар қолганмиз — бу ҳол негадир ҳеч қаерда эълон қилинмади). Турдимов имзолаган қарорда Шунқор Худойбердиевнинг балиқчиларга муаммо яратган қарорлари нотўғри эканлиги баён қилинган. Балиқчилик хўжаликлари бемалол нафас ола бошлашган, бироқ мавсумни бой беришган...