Kun.uz турли фанлар доирасида тест топшириқлари билан боғлиқ янгиликлар ҳақида маълумот олиш учун Давлат тест маркази матбуот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев билан боғланди.
Тест даражалари ҳақида
– Тест топшириқларини соддалаштириш деганда бакалавриат қабул имтиҳонларида фақат содда тестлардан фойдаланилади, деб тушунмаслик керак.
Тест топшириқлари 3та қийинлик даражасида шакллантирилади. Биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлар ишланиши, бажарилиши осон бўлган тест топшириқлари ҳисобланади.
Аввалги йилларда ўтказилган тест синовларида ҳар бир фандан 6тагача биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари берилар эди. Бу йилдан бошлаб эса ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10тагача етказилмоқда.
Жадвал, расмли кўринишдаги саволлар сақланиб қолади
– 2019 йили қабул тест синовларида ёзувсиз харита, жадвал, расмли кўринишидаги янги тест топшириқлари қўлланилган эди. Шундай саволлардан бу йилги имтиҳонларда ҳам фойдаланилади.
Абитуриентлар тест топшириқларини мантиқий фикрлаб тезда тушунишлари учун жорий йилда ҳам тарих, география ва чет тили (инглиз, немис, француз) фанларидан расмли тест топшириқлари шакллантирилмоқда.
Бундан ташқари, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилмоқда.
Тилларга оид саволларда янгиликлар бор
– Она тили ва адабиёт фанидан (ўзбек, рус, қорақалпоқ) мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпайтирилади.
Шунингдек, мантиқий фикрлашни ривожлантириш мақсадида матнли тестлар, яъни матн устида ишлаш билан боғлиқ тест топшириқлари тузилмоқда.
Матнли тест топшириқларида матн таркибидаги сўзларнинг тўғри қўллангани ва гапларнинг тўғри шакллантирилганини аниқлаш, матндаги сўзларнинг маъноларини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш талаб этилади.

















