Kun.uz онлайн интервьюларининг навбатдагисида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров сўнгги вақтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир нечта масалага муносабат билдирди.

Интервьюда «Ўзбекнефтгаз»нинг АИ-80, АИ-91 ва АИ-92 маркали импорт бензинга акцизни 5 фоиздан 20 фоизга оширишни таклиф қилгани, бензин нархи ва сифати каби масалаларда сўз борди.

«Ўзбекнефтгаз» бензин импортига акциз ставкасини 4 бараварга оширишни таклиф қилди. Компания раиси ўринбосари бунга изоҳ берди

– Президент фармони билан яқинда АИ-80 маркали бензин ва дизель ёқилғиси чакана нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган. Ҳозирча бу фақат АИ-80 маркали бензин ва дизель ёқилғисигагина тегишли бўлса ҳам, бу қадам жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинганди. Бироқ импорт қилинадиган нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкаларини ошириш орқали яна ортга қайтилмаяпти?

– Буни ортга қайтиш деб ўйламайман. Нега? АҚШни бозори энг ривожланган давлат деб ҳисоблаймиз. Хитой билан ўртасидаги иқтисодий уруш дейиладими, ўзларининг ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар хил механизм, усулларни қабул қилишади. Қўшимча сертификациялар қилишади, қўшимча божлар киритилади.

Ҳозирги кунда бизда – «Ўзбекнефтгаз» корхонаси остидаги тармоқларга нисбатан «булар рақобатдан қўрқишади», деб айтишади. Бундай эмас, чунки бизнинг ўз ўрнимиз бор. Биз нархни сақлаб турибмиз. Бозорда нархни бир маромда сақлаб туриш учун биржага ҳам нефт маҳсулотларини етказиб турибмиз. «Ўзбекнефтгаз» 4 минг сўм нархни белгилаши ҳисобига бошқа маркадаги бензинларнинг нархи кескин тушди.

«92» бензин бошқа заправкаларда 7200 сўм эди. «85»нинг нархи 8 минг сўмдан ортиқроққа реализация қилинади, ёқилғиси ҳам 8 мингга яқин эди. Лекин биз ҳозир харажатларни қисқартириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, логистика харажатларини камайтириш ҳисобига таннарх харажатларини 4 минг сўмгача етказдик.

Эртага 4 минг сўм нарх қотиб қолмайди, нархлар бундан ҳам пастга тушишига аминман. Нархнинг ўйнашини олдини олиш мақсадида хомашё коньюнктураси жуда ҳам яхши бўлди. Апрель охири – май бошида брентнинг нархи 22-25 доллар бўлган пайт «Ўзбекнефтгаз» томонидан 200 минг тоннадан ортиқ хомашё импорт қилинди. Ҳозирги кунда заводларимизда, нефт базаларимизда 300 минг тоннага яқин тайёр маҳсулот мавжуд. Бу тайёр маҳсулотларнинг таннархи нисбатан паст, чунки биз буни арзон хомашё ҳисобидан ишлаб чиқарганмиз.