· 2013 йилда ташкил топган мазкур маҳаллада намунавий лойиҳалар асосидаги 830 та ҳамда якка тартибдаги 1 минг 682 та уй мавжуд. Бу ерда 12 500 аҳоли яшайди.

Наманган шаҳри Ички ишлар бошқармаси ахборот-коммуникация таъминоти гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Икром Убайдуллаев бизни “ақлли шаҳар” дастури билан таништирди:
– Мазкур дастур Наманган шаҳрининг онлайн режимда ишлайдиган бош харитаси ҳисобланади. У “ақлли шаҳар” ва сунъий онг модели асосида яратилган. Наманган шаҳридаги жамики йўналишлар бўйича қандай маълумот бўлса, барчаси мазкур дастурга интеграция қилинган.
Дастурга шаҳардаги 395та кузатув камераси онлайн режимда уланган. Ҳозирда шаҳар бўйича 6 мингта камера ўрнатилган бўлиб, улар ҳам босқичма-босқич дастурга уланади. Дастур дастлаб шаҳар ички ишлар бошқармаси доирасида ахборот тизими сифатида фойдаланилган. Аммо ҳозирда унинг қамрови анча кенгайган бўлиб, барча соҳалар – қурилиш, тиббиёт, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, меҳнат бозори, таълим, хизмат кўрсатиш, барча-барчаси уланган.


Мазкур тизимда барча кўрсаткичлар геохарита орқали мониторда акс этади. Жумладан, аҳоли сони, ёлғиз кексалар, таълим муассасалари, меҳнат бозори, инвестициявий лойиҳалар, камбағал оилалар, криминоген муҳит каби маълумотлар узлуксиз киритиб борилади.
Тажриба сифатида ишга туширилган бу тизим кейинчалик барча соҳалардаги электрон базаларга уланади. Натижада шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни онлайн кузатиш, вазиятни холис баҳолаш, муаммоларни назоратга олиш ва керакли чора-тадбирлар кўриш мумкин бўлади. Бу эса аҳолининг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим самара беради, – дея тушунтириш берди И. Убайдуллаев.

Давлат раҳбари бу маҳалла тажрибаси билан танишиш чоғида:
- Вилоятдаги секторлар раҳбарлари энди жиноятчиликка қарши курашда натижа бўйича жавоб беради. Жиноят қанча камайди, қайси адашганни тўғри йўлга қайтарди деган саволларга жавоб топиш учун мана шу тизимга ўтаяпмиз. Ҳам иқтисодиётни, ҳам жиноятчиликни, ҳам тинчликни, ҳам адолатни жойига қўйсак, халқимиз учун муносиб шароит яратган бўламиз, - деди.
















