Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил июндаги 522-сонли қарорига асосан, «Esteticheskaya Medecina» МЧЖ инвестиция шартномасида кўрсатилган талаблар бажарилиши учун Юнусобод тумани, Марказ-4 даҳаси, 28-29-30-уйлар оралиғидан 5 сотих ер майдони ажратиб берилган.
МЧЖ ажратилган ҳудудда косметология клиникасини қуришни режалаштирган.
Бироқ мазкур ҳудуддаги кўп қаватли уйларда яшовчи ўнлаб фуқаролар ҳоким қароридан норози. Улар ажратилган ҳудудда клиника қуриб бўлмаслигини, бу шаҳарсозлик нормаларига зидлиги, йўллар ёпилиб қолишини таъкидлашмоқда.
Фуқаролар фавқулодда ҳолат бўлгудек бўлса, ўтиш йўллари ёпилиб қолиши мумкинлигини айтмоқдалар.
«Кўп қаватли уйлар олдига бундай қурилишни қуриш учун ушбу ҳудуддаги фуқаролар билан келишиш керак. Бу қурилиш шаҳарсозлик нормаларига тўғри келмайди. Шаҳар ҳокимлиги ҳам маҳалла билан келишмай қарор чиқариб берган.


Биз прокуратура, ФВВ, шаҳар ва туман ҳокимликларига мурожаат қилдик. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жавобида мазкур ҳудудда қурилиш умуман мумкин эмаслиги таъкидланган. Ушбу қурилиш ноқонуний ва тўхтатилиши керак», – дейди маҳалла фуқароларидан бири Элдар Байбеков.

Маҳалла аҳли МЧЖнинг қурилишга рухсат берувчи ташкилотлардан рухсат олмаганини ҳам қўшимча қилди.
Маҳалла аҳли билан учрашувга келган МЧЖ вакили Фаррух Худайқуловнинг сўзларига кўра, қурилишни бошлашдан олдин фуқароларга кўплаб таклифлар берилган. Йилда бир марта текин кўрикдан ўтиш, йўлларни таъмирлаш, ночор хонадонлар бўлса уйларини таъмирлаб бериш ва ҳоказо.
«Шаҳар ҳокими билан тузилган инвестицион шартномага асосан, биз 6,5 млрд сўмлик шахсий маблағларимиздан инвестиция жалб қилиб, 50та иш ўринли тиббиёт клиникасини қурмоқчимиз.
Ҳозир маҳалла фуқаролари бизга ажратилган ҳудудга дарахт экишган. Ҳоким қарори чиқишидан олдин барча ташкилотларга мурожаат қилиб, рухсат олиб, йиғилган ҳужжатларни ҳокимиятга тақдим қилганмиз. Захирага олиш ҳақида 2019 йилда қарор чиққан.




















