Президент фармони билан қуйидагиларни назарда тутувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаши натижалари асосидаги хулосалари мавжуд бўлсагина белгиланган тартибда қабул қилиниши белгилаб қўйилмоқда:

  • хўжалик юритувчи субъектларга янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилишни;
  • рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этишни;
  • юридик шахслар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан талабларни оширишни;
  • хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки уларга қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий қилишни;
  • хўжалик юритувчи субъектларга ҳар қандай турдаги имтиёз, кафолат, преференцияларни белгилаш, шунингдек янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқларни беришни.

2021 йил 1 январдан бошлаб ўрнатиладиган тартибга кўра:

а) давлат харидлари ҳамда стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарнинг харидлари ижрочилари:

  • тендер ва танлов савдолари ҳамда энг яхши таклифларни танлаб олиш якунлари бўйича ғолиб деб расман эълон қилинган кундан ёки тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки кун мобайнида давлат харидлари махсус ахборот порталида тегишли маълумотларни жойлаштириш орқали бевосита ёки билвосита 25 фоиз ёки ундан кўп акцияларга (улушга) ҳақиқатдан назорат қилишга эга бўлган ўзининг якуний манфаатдор шахслари (бенефициарлари) тўғрисидаги ахборотларни ошкор қилишлари;
  • ўзларининг веб-сайтларида ва махсус ахборот порталида доимий асосда тендер ва танлов ҳамда энг яхши таклифларни танлаб олиш тартиб-таомиллари ҳамда тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича имзоланган шартнома мажбуриятлари бажарилиши ҳақидаги маълумотларни жойлаштириб боришга мажбур.

б) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, табиий монополия субъектлари, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек охирги уч йилда товар сотишдан олинган жами тушумининг ўртача йиллик миқдори 30 миллиард сўмдан ошадиган корпоратив буюртмачиларда фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хавфларини аниқлаш ва олдини олиш;