Россиялик олимлар коронавирусга қарши вакцинанинг синовларини якунлашди
Москвадаги Сеченов университетида коронавирусга қарши вакцинани кўнгиллиларда синаш ишлари якунланди. Бу ҳақда Трансляцион тиббиёт ва биотехнологиялар институти директори Вадим Тарасов маълум қилди.
Тадқиқотнинг бу босқичи вазифаси вакцинанинг саломатлик учун безарарлигини кўрсатишдан иборат бўлган. “Вакцинанинг хавфсизлиги тасдиқланди. У ҳозирда бозорда мавжуд бўлган вакциналар хавфсизлигига мос келади”, деб айтган Сеченов университетининг Тиббий паразитология, тропик ва трансмиссив касалликлар институти директори Александр Лукашев.
Синовлардан олдин кўнгиллилар текширилган, жумладан уларда коронавирусга антитаналар бор-йўқлиги аниқлаштириб олинган. Сўнгра улар коронавирусга чалинмасликлари учун 2 ҳафтага яккаланган ва шундан кейин уларни эмлаш амалга оширилган.
Вакцина қилинганлар тиббий ходимларнинг доимий кузатувида бўлган. Улар икки гуруҳга бўлинган: биринчи гуруҳдагилар вакцинанинг бир дозасини, иккинчи гуруҳдагилар икки дозасини олишган. Лукашевнинг айтишича, икки гуруҳдагилардан бирортасида эмлашнинг илк кунларидаги тана ҳарорати кўтарилишидан бошқа салбий реакциялар аниқланмаган. Кўнгиллиларни 15 ва 20 июлда чиқариш режалаштирилган. Шундан кейин кўнгиллилар ортидан уларнинг иммунитети ўзини қандай тутаётганини баҳолаш учун кузатув ўрнатилади.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, вакцинани ишлаб чиқишдаги кейинги қадамлар уни ишлаб чиқараётган корхона томонидан белгиланади.
Вакцина Н.Ф.Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот марказида ишлаб чиқилган. Унинг синовлари 17 июндан икки жойда - Сеченов университети ва Бурденко номидаги ҳарбий госпиталда бошланган. Ҳар икки жойда 38 нафардан кўнгилли эмлашда иштирок этган. Маълум қилинишича, университетда вакцинанинг кукун кўринишидаги варианти қўлланган. Ундан эмлаш жойининг ўзида мушакка киритишга мўлжалланган суюқлик тайёрланган. Госпиталда эса вакцинанинг суюқ ҳолатдаги кўриниши қўлланган.
Июнь ўрталарида Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова 2020 йилда Россиянинг уч давлат муассасаси - Н.Ф.Гамалея номидаги марказ, “Вектор” илмий маркази ҳамда Вакциналар ва зардоблар марказининг вакциналари пайдо бўлиши кутилаётганини маълум қилган. Унинг айтишича, Гамалея номидаги марказ ишлаб чиққан восита августда давлат рўйхатидан ўтиши мумкин, унинг ишлаб чиқарилиши эса сентябрда бошланиши кутилмоқда.
Шунингдек, бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенко сентябрдан аҳолининг коронавирусга қарши оммавий эмланиши бошланиши мумкинлигини айтган. Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко эмлаш ихтиёрий бўлиши, у фуқаронинг розилиги билангина амалга оширилишига ваъда берган.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024