Таълим тизимида ўқитиладиган фанларни оптимизация қилиш режасига мувофиқ, ОТМлардаги ўқув дастурларида тарих фани, умумий ўрта таълим мактабларида эса она тили фани соатлари қисқартирилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров бунга муносабат билдирар экан, ОТМларда тарих соатларини қисқартирилишини қўллаб-қувватлаши, аммо мактабларда она тили дарслари камайишига қарши эканини айтди.
«Олий таълимда тарих фанининг қисқартирилиши масаласида. ОТМга тарбиялаб бўлинган инсон бирон соҳанинг мутахассиси бўлиш учун келади. У инженер, врач, архитектор ёки педагог бўлиш учун ўқиш мақсадида ОТМни танлайди. Бу жараёнда у ўзи танлаган соҳани пухта ўрганиш билан шуғулланиши керак. Афсус, биз бу босқичда ҳам уни тарбиялашда давом этамиз.
Уни ватанпарвар, маънавиятли ва интизомли инсон сифатида шакллантириш вазифасини бажара олмаган мактабларнинг чала ишини давом эттириш учун, талабанинг мутахассислигига алоқаси бўлмаган, кераксиз фанлар билан вақтини оламиз. Менимча, бу нотўғри.
Олий таълимда талабалар бутун вақтини соҳасини ўрганишга сарфлаши керак. Олий таълим дипломи қўлида бўлган инсон ўз соҳасининг мутахассиси сифатида тайёр бўлиши керак. Афсус, ҳозир бу масалада етарлича муаммолар бор.
ОТМларимизни бир-иккита қобилиятлиларини ҳисобга олмаганда тил билмайдиган таржимонлар, хуқуқни тушунмайдиган хуқуқшунослар, тарбияни тушунмайдиган педагоглар ва миллатини тушунмайдиган элчилар битириб чиқаётганини кўриб турибмиз.
Лекин умумтаълим мактабларида она тили фанини қисқартирилиши жиддий хато. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов тўғри айтди, биз бугун мактабларни она тилида ёзиш ва сўзлашни билмайдиган болалар битираётганини кўряпмиз.
Мактабда инсон нафақат таълим олади, балки тарбияланади ҳам.
Биринчи синфдан бошлаб сўнгги синфгача бола билимли бўлишдан ташқари ватанпарвар, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиладиган, ўзлигидан фахрланадиган, миллатидан ғурурланадиган инсон бўлишига ҳам эришиш керак.
Мактабидан устуворлик бошқа тилларга берилганини кўрган бола қандай қилиб ўз она тилини ҳурмат қилади? Миллий ғурур ва миллий қадриятларга ҳурмат кўникмаларини сингдирилишида она тилининг аҳамияти жуда муҳим.















