Спорт | 11:08 / 15.07.2020
29021
3 дақиқада ўқилади

Артур Таймазовнинг олимпия олтин медали бошқа спортчига берилди

Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) ўзбекистонлик эркин курашчи Артур Таймазовнинг 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида қўлга киритган олтин медалини бошқа спортчига бериш ҳақида қарор чиқарди.

Эслатиб ўтамиз, 120 кг вазнгача бўлган тоифада Артур грузиялик Давид Модзманишвилини мағлуб этган эди.

Аммо мусобақада олинган допинг таҳлиллари қайта текширувдан ўтказилгач, ҳар иккала спортчининг таҳлилларида тақиқланган модда борлиги аниқланди. Натижада, Таймазов ва Модзманишвили дисквалификация қилиниб, мусобақадаги натижалари бекор этилди.

Шундан сўнг, ХОҚ медалларни қайта тақсимлаш ҳақида қарор чиқарди. Унга кўра, бронза медалларни қўлга киритган россиялик Билол Махов ва эронлик Комил Қосимий олтин медалларни оладиган бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил апрел ойида Артур Таймазов айнан допинг сабабли Пекин-2008 Олимпиадасида қўлга киритган олтин медалидан ҳам маҳрум қилинган ва у россиялик Бахтиёр Аҳмедовга берилган эди

Шундан сўнг, Таймазов бу қарорга ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муносабат билдириб: «Олимпия чемпиони бўлиш болаликдан орзум бўлиб келган. Мен бунга бутун умримни бағишладим, соғлиғимни «гиламда қолдирдим». Ҳар доим ўз медалларимни ҳалол курашда ютиб келганман. Ҳеч қачон тақиқланган препаратларни қабул қилмаганман. 16 йил давомида ҳар йили допинг-намуналар топширдим ва бирон марта улар ижобий натижа бермади... Ўзим учун, шунингдек, менга ишонган, мухлислик қилган, ҳар кунлик меҳнатимни кўрганлар учун мен ҳар доим уч карра Олимпия чемпиони бўлиб қолавераман... Мен ХОҚнинг қарорига нисбатан норозилик билдираман», - деб ёзган эди.

Қайд қилиш жоизки, ўзбекистонлик спортчилар Лондон-2012 олимпиадасида 1та олтин ва 4та бронза медалини қўлга киритишган эди. Эркин курашчилар Артур Таймазовдан олтин ва Сослан Тигиевдан бронза медаллари допинг туфайли олиб қўйилганида кейин, спортчиларимиз ҳисобида 3та бронза қолди. Улар дзюдочи Ришод Собиров (-60 кг), боксчи Аббос Атоев (ўрта вазн) ва оғир атлетикачи Иван Ефремов (105 кг) ҳисобида.

Мавзуга оид