Kun.uz мухбири Ўзбекистоннинг GSP+ дастуридан фойдалана олиш имкониятлари, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича музокаралар ва ЕИнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорлиги каби мавзуларда ГФРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд билан суҳбатда бўлди.

– Германия Иттифоқ кенгашига раислик қилиш муддатида қандай ишларни амалга оширишни режалаштирган?

– Европа Иттифоқи кенгашида Германия раислигининг роли бугунги кунда кўп жиҳатдан коронавирус пандемиясига боғлиқ бўлиб турибди. Бугунги кунда Европада 100 мингдан зиёд коронавирус қурбонлари мавжуд. Шунинг учун ҳозирда бизнинг бирламчи вазифамиз ҳамкорларимиз билан биргаликда коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш ҳисобланади.

ОАВ орқали эшитган бўлсангиз керак, айни вақтларда Европа иқтисодиётини тиклаш учун 750 млрд евро миқдоридаги ёрдам дастурини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу катта сумма, уни авваламбор Европа иқтисодиётини тиклаш учун йўналтириш назарда тутилмоқда. Яна бир томондан, бу маблағни Европада ижтимоий бирликни мустаҳкамлаш, экологияни яхшилаш ва рақамлаштириш масалалари учун ҳам йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Иккинчи муҳим йўналиш Европа Иттифоқининг кейинги 7 йил учун мўлжалланган бюджетини қабул қилиш ҳисобланади.

Евроиттифоқнинг ҳар бир аъзо мамлакати кейинги 7 йилликда мазкур бюджетни нимага сарфлаш бўйича ўз мўлжалига эга. Бюджетга қайсидир давлат каттароқ, қайси биридир камроқ улуш қўшади. Шунинг учун Евроиттифоқ кенгашида яқин ойлардаги асосий вазифамиз бу маблағни нимага йўналтириш бўйича иттифоқнинг 27та аъзо давлати орасида якдилликка эришиш саналади.

Кун тартибидаги учинчи муҳим вазифа – Буюк Британия билан музокаралар олиб боришдир.

Хабарингиз бор, Британия умумий овоз бериш йўли билан Евроиттифоқдан чиқишга қарор қилди. Шунинг учун Евроиттифоқ раҳбарияти иттифоқнинг ўзида ва Британия билан бирга кейинги муносабатларни муҳокама этиши лозим. Улар билан муҳокама қилиниши керак бўлган талайгина масалалар мавжуд. Брексит ҳеч қандай музокара ва келишувларсиз амалга ошиши эҳтимоли ҳам бор. Биз, албатта, Британиянинг кескин чиқиб кетишини истамаймиз. Шу боис, Германия бу борада ишлаши, Британия билан мустаҳкам ва чуқур ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиши керак.