Ўзбекистон | 08:25 / 25.07.2020
1983
2 дақиқада ўқилади

Алоҳида тоифадаги мутахассислар малака сертификатларининг амал қилиш муддатини узайтириш белгиланди

Коронавирус пандемияси даврида аудиторлик ташкилотида тегишли малакага эга бўлган аудиторларнинг тўлиқ сони сақланиб қолинади.

2020 йил 20 июлда президентнинг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан солиқ юкларини камайтириш, солиқ имтиёзлари муддатини узайтириш, шунингдек иш ўринлари ва малакали мутахассисларни сақлаб қолиш мақсадида муддати 1 мартдан тугайдиган алоҳида тоифадаги мутахассислар малака сертификатларининг амал қилиш муддатини узайтириш белгиланди. 

Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур норма аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтиришга ҳам тааллуқлидир. Фармонга мувофиқ ваколатли органларга малака сертификатларнинг амал қилиш муддатини навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтириш вазифаси юклатилди.

Шу муносабат билан 2020 йил 1 мартда малака сертификатлари амал қилиш муддати тугайдиган аудиторлар навбатдаги малака имтиҳони санасига қадар мавжуд малака сертификати асосида белгиланган тартибда аудиторлик ташкилоти номидан аудиторлик хизматларини кўрсатишга ҳақлидирлар. Шундай қилиб, коронавирус пандемияси даврида аудиторлик ташкилотида тегишли малакага эга бўлган аудиторларнинг тўлиқ сони сақланиб қолинади.

Навбатдаги малака имтиҳонини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингач, тегишли маълумотлар Молия вазирлиги ва республика аудиторлар жамоат бирлашмаси сайтларига жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид