Бугун Kun.uz таҳририятига бўладиган мурожаатлар орасида антиқасига дуч келдик. Туркиянинг Истанбул шаҳридан йўлланган бу мурожаатда бир неча ўн нафар ўзбекистонлик фуқаро чартер рейсга чипта харид қилгани ҳолда рейсдан қолиб кетгани маълум қилинган эди.

Чартер рейсга навбати келгани ҳақида қўнғироқ қилиб хабар берилган, фалон жойдан чипта олиши кераклиги айтилган, бориб 500 доллар атрофида пулини тўлаб, чипта олган, аэропортда рўйхатдан ўтган, чегара постида Туркиядан кетгани қайд қилиниб, муҳр босилган, айримларининг чиптасидаги талон қисми ҳам йиртиб олингани ҳолда рейсдан қолиб кетишган.

Шундай бўлиши мумкинми, деган таажжубда мурожаатни имкон қадар ўрганишга қарор қилдик.

Даставвал, мурожаат мазмуни ҳақида.

Бизга тақдим этилган аудиоёзувлар, суратлар ва видеолавҳаларда кўринишича, 30 июль куни «Истанбул–Тошкент–Истанбул» йўналиши бўйича «Turkish Airlines» авиакомпанияси томонидан чартер рейс амалга оширилган. Тушунтиришларича, жами 31 ўзбекистонлик йўловчи қўлида чиптаси билан самолётдан қолиб кетган.

Маълум бўлишича, рейс қатновлар жадвали бўйича соат 15:30га белгиланган ва ўз вақтида парвозни амалга оширган.

Бироқ, улар орасида юклари Тошкентда ўз эгаларини кутаётган йўловчилар ҳам бор. Айримларининг чиптаси ва паспортларига чегара назорати муҳри ҳам босилган. Баъзиларининг чиптаси йиртилиб, қўлига талони тутқазилган ҳолда парвоздан қолиб кетганини қандай тушуниш мумкин?

Kun.uz мухбири боғланган ўзбекистонликлар чартер рейсдан қолиб кетганлар орасида юклари Ўзбекистонга кетганлари борлигини маълум қилишди. Улар қўлларида паспорт билан қолишган, холос. Ваҳоланки, улар орасида консуллик қўнғироғидан кейин 516 долларга чипта олиб, ўз вақтида аэропортга борганлар ҳам бор.

 

Турли йўловчилар томонидан тақдим этилган аудиоёзувларда таъкидланишича, улар «жазо тўлови»ни (Туркия миграция қонунчилигини бузгани учун тўланадиган жарима) амалга ошириш учун навбат кутиб турган вақтларида авиакомпания вакили келиб, самолёт учиб кетганини маълум қилган. Уларга кўра, консуллик рўйхатига кирмаган йўловчилар ҳам келиб, 480 доллардан чипта харид қилиб, Ўзбекистонга кетишга муваффақ бўлган. (Таҳририятда шундай йўл билан кетган йўловчилардан бирининг яқини билдирган хабарнома мавжуд). Қолаверса, мурожаатчилар самолётдаги ўриндиқлардан ортиқча чипта сотилганини ҳам иддао қилишмоқда.