Топилган табиий газ захираси ҳақида қандай тафсилотлар маълум?

«Фотиҳ» бурғилаш кемаси 2020 йил 20 июлдан бери Зонгулдакдан тахминан 170 километр нарида жойлашган Туна-1 тадқиқот қудуғида ишлаётган эди.

Изланишлар натижасида 2100 метр чуқурликда 320 миллиард кубометр табиий газ захираси топилган.

Энергия ва табиий манбалар вазири Фатиҳ Дўнмез 500 метр чуқурликдаги захира қатлами аниқлангани ва сейсмик изланишлар давом этаётганини таъкидлади.

«1000 метрдан чуқурликка кириб борилади. Сейсмик маълумотлар ер тубида яна иккита қатлам борлигини кўрсатмоқда», деди у.

Эрдўғаннинг баёнотидан олдин, Reuters ахборот агентлигига интервью берган турк амалдорлари минтақада жами 800 миллиард кубометр захира борлиги тахмин қилинаётганини айтишганди.

Изланиш ишлари олиб бориладиган майдон 250 квадрат километрни ташкил этади. Бу минтақада янги қудуқларни очиш ҳам мақсад қилинган.

Энергия вазири Дўнмез топилган табиий газнинг сифати ҳам юқори эканлигини айтди.

Фото: Getty Images

Эрдўған ўз нутқида нималар деди?

Президент Эрдўған илгари Қора денгизда халқаро энергия компаниялари билан ҳамкорликда кўплаб қидирув ишлари олиб борилганини, аммо улар ҳеч қандай натижа бермаганини эслатди.

«Биз ўшанда бир неча саҳифали ҳисоботлардан бошқа ҳеч нарса ололмагандик» деди у.

Эрдўған, шунингдек, Туркия миллий энергия ва тоғ-кон сиёсатини янгидан – энг бошидан белгилаб олгани ҳақида гапирган.

«Денгиздаги бурғилаш кемаларимиз сафига 3та бурғилаш кемасини ҳам қўшдик. Биз бу соҳада дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айландик. 3та бурғилаш ва 2та сейсмик тадқиқот кемаларимизда ўз техникаларимиз ва ўз кадрларимиз фаолият олиб бормоқда», дея қўшимча қилди у.

Эрдўған энергия мустақиллиги муҳимлигини таъкидлади.