Ўзбекистон | 13:27 / 26.09.2020
13469
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимлик Буюк ипак йўли кўчасидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиши тўғрисидаги маълумотларга изоҳ берди

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги Буюк Ипак йўли кўчасидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиши ҳақидаги маълумотларга расмий изоҳ берди.

Фото: Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Буюк Ипак йўли кўчаси бўйлаб йўлни кенгайтириш режалаштирилгани, шу сабабли кўп йиллик чинор ва бошқа дарахтлар кесиб ташланиши ҳақида маълумот тарқалди.

Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги матбуот хизмати изоҳида айтилишича, тумандаги Буюк Ипак йўли марказий кўчасининг “Салом” чойхонаси ёнидан ўтувчи қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Билдирилишича, ушбу кўчанинг фақатгина “Салом” чойхонаси олдидаги қайрилиш қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилади. 

“Бунда, албатта, табиатга зарар етказмаслик алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун кўчирилиши керак бўлган дарахтлар бошқа жойга кўчирилиб ўтказилишини маълум қиламиз. Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосасисиз бирор бир дарахтга зиён етказилмайди”, - дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, пиёдалар ўтиш йўлаклари олдида бордюрларнинг жойлаштирилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олди олинади.

“Ҳурматли фуқаролар, барчаси ушбу чорраҳадаги ҳаракатларни тартибга солиш ва хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилмоқда”, - дея якунланган маълумот.

Мавзуга оид