“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Спитамен тумани ҳудудида 630 ўқувчи ўринга  мўлжалланган умумтаълим мактабининг бино ва иншоотлари комплексини қуриб ва жиҳозлаб берди.  

Мактаб алоҳида ишлаб чиқилган, ўқув жараёнларини самарали ташкиллаштиришга,  физика, химия, астрономия, биология ва чизмачилик фанлари бўйича амалий машғулотларни  ўтказишга, шунингдек, ўғил болаларни металл ва ёғочга ишлов бериш, қизларни эса уй-рўзғор ишлари,  пазандачилик, қўл-ҳунар ва чеварчилик санъати бўйича меҳнат кўникмаларини ўргатишга, ёпиқ спортзал ва очиқ стадионда спорт машғулотлари билан шуғулланишга, кутубхонада билимлари даражасини оширишга, танаффусларда овқатланишга ҳар жиҳатдан қулай шароитлар кўзда тутилган лойиҳага биноан қурилди.

Мактабнинг бино ва иншоотлар комплекси 2,1 гектар майдонда жойлашди. Биринчи блокнинг биринчи қаватида биология, химия, физика, астрономия ва чизмачилик фанлари бўйича синфлар ва лабораториялар, металл ва ёғочга ишлов бериш, уй-рўзғор ишлари, пазандачилик, қўл-ҳунар ва чеварчилик санъати бўйича меҳнат кўникмаларини ўргатишга кабинетлар жойлашган. Иккинчи қаватда бошланғич синфлар, ўқув куни узайтирилган гуруҳларга мўлжалланган махсус кабинет, директор, директор ўринбосари, ўқитувчилар, шифокор, канцелярия, бухгалтерия ва комендант хоналари жойлашган. Учинчи қаватда ўқув ва компьютер синфлари, она тили ва адабиёт, инглиз тили, математика, география кабинетлари жойлашган.

Иккинчи блок биринчи қаватида спорт зал, спорт ўқитувчиси, анжом – ускуналар, ечиниш, душ, ҳожатхона, хоналари жойлашган.   

Учинчи блок биринчи қаватда овқат тайёрлаш хонаси, овқатланиш зали, буфет ва ёрдамчи хоналар, иккинчи қаватда мажлис зали, техник маркази, кино анжомлари, санъаткорлар хонаси, кутубхона ва бошқа хоналар жойлашган.