У Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори - вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олиниши ҳамда Наманган шаҳрида МИБ ижрочилари кўз ўнгида ўзига ўт қўйиб юборган аёл билан боғлиқ ҳолатга тўхталган.
«Мен учун, ҳам аёл, ҳам она ва гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу жуда муҳимдир!», дея қайд этган Саида Мирзиёева.
У Гулжаҳон Йўлдошева биринчи галда аёл киши эканлиги, қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олган ҳолда Тошкент вилояти прокуратурасидан қарор қайта кўриб чиқилишини сўраган.
«Мен унга қўйилган айбловларнинг қонуний ёки ноқонунийлигини ҳеч қандай баҳоламоқчи эмасман, бу суднинг мутлақ ваколати. Аммо сизнинг эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, энг кичиги атиги икки ёшда бўлган олти фарзанднинг онаси судгача қамоқда сақланмоқда. Бизнинг қонунчилигимиз, бошқа ривожланган мамлакатлар қонунчилиги сингари, эркакларга қараганда аёллар учун бироз кўпроқ имтиёзларни ўз ичига олади. Бунга мисол сифатида аёл кишининг ҳомиладорлиги ёки вояга етмаган фарзандлари борлиги унга енгиллаштирувчи ҳолатлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир тури.
Гулжаҳоннинг ишида нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутилиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?
Ҳибсга олиш — бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида... Шунинг учун Тошкент вилояти прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишни сўраб қоламан», деган у.
Шунингдек, Намангандаги ҳолатга қонунчиликда фирибгарлик учун жазо етарли эмаслиги ҳам сабаб бўлгани қайд этилиб, депутатлардан бу масалани кўриб чиқиш сўралган.
«Унинг онаси ва икки фарзанди қолди. Бу аёллар уларга бошқа бировнинг уйини сотиб юборган фирибгарнинг қурбонига айландилар ва фирибгар эса жинояти учун қамоққа тушди. Мулк ҳақиқий эгаси томонидан талаб қилинган ва суд аёлларни болалари билан биргаликда чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган.
Бундай даҳшатли ҳолатга қўл урган бу аёлнинг чорасизлигини тўлиқ тушуниб турибман. Ва қонунчилигимизни бу борада номукаммал деб ҳисоблайман. Фирибгарлар қўлига тушиб турар жойларидан айрилиб ва том маънода кўчада қолган ҳолатлар фақат бу аёлдагина учрамайди. Фирибгарлар қамоққа олинишлари мумкин, лекин моддий зарарни бармоқ билан санайдиганлари қоплайди, холос. Бу ҳолда, менинг нуқтайи назаримдан, фирибгарлар давлатга қарздор бўлиб, қонун олдида жавоб беришлари керак. Давлат эса ўз ўрнида шундай фирибгарлар гирдобига тушиб қолган инсонларга шу каби муаммолардан чиқишига ёрдам беришлари лозим.















