Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби республика учун намуна сифатида эътироф этилмоқда. Ўтган ҳафта Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида президент Халқ таълими вазирлигига ушбу мактаб тажрибасини ўрганиш бўйича топшириқ берди.
Kun.uz мухбири машҳур мактабнинг ташкил топиши, ўқитиш тизими, ўқувчи ва ўқитувчиларни қабул қилиш жараёни билан қизиқиб, мактаб асосчиси ва директори Темир Рўзиев билан суҳбатда бўлди.

Ўқувчи ва ўқитувчиларни саралаб олиш ҳақида
– Мактаб ўқувчилари ютуғининг сабаби, аввало, бу ерга Aллоҳнинг назари тушганлигида, деб биламан. Қоракўл таълимини кучайтирган асосий нарса – ўқувчиларни мактабга қабул қилиш шаффофлик ва адолат билан бажарилишида бўлган.
Мактаб учун муаллимларни танлаб олишда ҳам уларнинг билими мен учун ягона талаб эмас. Ўқитувчиларнинг фидойилиги, чин маънода ватанпарварлиги, шунингдек, тарбиясига қараб саралаганман. Яна бир жиҳати шуки, ўқитувчиларнинг ҳаётида учрайдиган иқтисодий ёки бошқа муаммосини билиб, ёнида туришга ҳаракат қиламан.
Шу билан бирга, мактабда соғлом жамоа шаклланган. Aгар раҳбар қайсидир ўқитувчидан манфаат кўриб уни ишга олса, ёки ўқитувчи олдида муттаҳам бўлиб қолса, бу жамоанинг ютуғи узоққа бормайди.
«Одамлар илмдан бошқа йўл боласини мактабга киритолмаслигини тушунди»

– Мактабни ташкил этганимга 10 йил бўляпти. Дастлабки йилларда боласини мактабга олишим учун менга таклиф ҳам, босим ҳам бўлган. Фарзандини қабул қилмаганим учун мен билан орасини очиқ қилиб, гаплашмай кетганлар ҳам бўлган. Қариндошларим орасида ҳам мендан ранжиганлар кўп.
Aммо охирги 5 йилдан буён боласини қабул қилишим учун ҳеч ким олдимга келмай қўйган. Чунки одамлар илмдан бошқа нарса билан боласини мактабга киритолмаслигини тушунди.
Шунинг учун раҳбар мактабни ташкил қилишдаги дастлабки 3 йилда ўз қатъиятини кўрсатиб, адолат қилса, охиригача адолатни сақлаб қола олади.
«Боласи мактабга киролмаган каттароқлар юқорироқ жойга мурожаат қилишидан ноҳақлик бошланади»
















