Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президентнинг парламентга мурожаати орқали тизимга юкланган вазифалар ҳақида гапирди. Интервьюда раис 2021 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва унинг ўсишига эришиш борасида олдинда турган 3та муҳим режани санаб ўтган. Қуйида Нурмуродов билдирган фикрларидан асосий тезислар келтирилади.  

Инфляция даражаси белгиланган меъёрлар доирасида бўлиши керак.

Марказий банк олдида турган вазифалардан бири, бу инфляция даражасининг белгиланган меъёрлар доирасида бўлишини таъминлашдан иборат.

Инфляцион таргетлаш режимига ўтиш орқали макроиқтисодий барқарорликнинг асосий негизларидан бўлган инфляцияни пасайтириш Марказий банкка вазифа қилиб қўйилган. 2020 йилда макроиқтисодий ҳолат қийинчилигига қарамасдан, МБ 11 ярим фоизга инфляцияни пасайтириш даражасига эришгани таъкидланган.

Президент мурожаатномасида 2021 йилда бу кўрсаткични 10 фоиз даражасига тушириш вазифаси белгиланди.

Бунга эришишнинг асосий йўллари энг аввало, пул-кредит сиёсатида қўлланиладиган пул-кредит инструментларидан фаол фойдаланган ҳолда барча монитар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтириш чораларини кўришдан иборат. Пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилиши белгилаб берилди.

Аҳолининг тадбиркорликка интилиши давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланади.

Регулятор олдига янги масала қўйилган. Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.