Ўзбекистон | 17:55 / 02.01.2021
23643
2 дақиқада ўқилади

Покистон ва Ўзбекистон ўртасида янги иқтисодий йўлак – темирйўл қурилади

Ўзбекистонни Афғонистон орқали Покистонга боғлайдиган темирйўл қурилиши лойиҳаси расмий Исломобод томонидан имзоланди.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Покистон бош варизи Имрон Хон Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Транс-афғон темирйўл қурилиши лойиҳасини тасдиқлади. Ушбу лойиҳага халқаро молия ташкилотлари томонидан 4,8 миллиард доллар жалб этилиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда Анадўлу агентлиги.

Покистон бош вазирининг савдо ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Раззоқ Довудга кўра, Имрон Хон 2020 йил 29 декабрда лойиҳани ишга тушириш мақсадида халқаро ташкилотлардан қарз сўраб, хат йўллаган.

«Мазкур хатни имзолашда Ўзбекистон транспорт вазири вазифасини бажарувчи Илҳом Маҳкамов ҳам иштирок этди. Аввалроқ хат Афғонистон ва Ўзбекистон президентлари томонидан ҳам имзоланганди», — дейилади агентлик хабарида.

Раззоқ Довуднинг айтишича, лойиҳани амалга ошириш шартлари Ўзбекистон билан келишиб олинган, айни пайтда Афғонистон томони билан музокара давом этмоқда.

«Мен 2021 йил январда Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирганман. Ўйлайманки, лойиҳа экспортларимиз ҳажмини оширишга хизмат қилади», — дея қўшимча қилган у.

Покистон транспорт вазири Азам Хон Сватига кўра, бўлажак темирйўлдан йўловчи ва юк ташиш мақсадларида фойдаланилади. Аввалроқ Покистон 2,655 км узунликдаги темирйўл қурилиши орқали Хитой билан иқтисодий йўлак барпо этишга киришганди.

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида «Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамлар» ташлангани ҳақида айтганди.

Ўзбекистон Республикасининг шу пайтгача Мисрда фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаб келган Ойбек Орифбекович Усмонов 2020 йил декабрда Ўзбекистон Республикасининг Покистон Ислом Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланган.

2018 йилдан эътиборан Покистон бош вазири лавозимида ишлаб келаётган Имрон Хон 2020 йил якунида илк марта Афғонистонга ташриф буюриб, президент Ашраф Ғани билан мулоқот қилганди.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид