«Халқ орасида врачлар пора олмаслиги керак, қасам ичган, уларнинг ойлиги етарли деган тушунчалар мавжуд. Келинг, очиқ маълумотлар асосида таҳлил қилиб кўрамиз», – дейди пост муаллифи, шифокор Абдулазизхон Акрамов.
Суратда Меҳнат вазирлиги порталидаги бўш иш ўринлари учун ваканциялар рўйхатида врачларнинг 1 ставкаси учун белгиланган маошлар кўрсатилган.

Мисол учун, ВОП (умумий амалиёт шифокори) билан битта тор мутахассиснинг (хирург, травматолог ва ҳоказо) маоши олинган.
Демак 1 ставка учун:
- УАШ ойлиги 1 млн 837 минг сўм;
- Тор мутахассис 1 млн 670 минг сўм.
Хўш, энди бу ойликдан солиқларни айирамиз. 12 фоиз даромад ва 1 фоиз пенсия жамғармасига, жами 13 фоиз:
- 1 млн 837 минг - 13 фоиз = 1 млн 598 минг сўм;
- 1 млн 670 минг - 13 фоиз = 1 млн 453 минг сўм.
УАШ ва Тор мутахассис кунлик чиқимлари (ўртача):
- 10 минг сўм йўлкира;
- 15 минг сўм тушлик;
- 20 минг сўм уйларга бориб бемор кўришга йўлкира.
Шуларни қўшиб юқоридаги ойлик маошдан яна айирамиз. Ўртача 40 минг сўмдан 22 кун иш куни = 880 минг сўм.
- 1 млн 598 минг - 880 минг сўм = 678 минг сўм;
- 1 млн 453 минг - 880 минг сўм = 533 минг сўм.
«Шу ва бошқа чиқимлардан ташқари УАШ қўлига ўртача 400 минг сўм, тор мутахассис қўлида эса 350 минг сўм пул қолади.
Энди ишхонадан уйга олиб кетиладиган пул шунча. Уй-рўзғор, коммунал тўловлар, кредити бўлса унга тўлов, бола-чақа, кийим бош ва маиший чиқимларга шу пул қолади.
Энди виждонан айтайлик! Шу пулга яшаш мумкинми? 6-7-10 йил умрини илм қувишга ишлатган одам шу пулга қандай қилиб тирикчилик қилиши керак? Боласининг, хотинининг кўзига қандай қарайди? Жавоб беринг!» – дея якунланади шифокор сўзлари.














