Бу қонуннинг қабул қилиниши айниқса ОАВ ва блогерларни бир «силкитиб» олди, десак янглишмаган бўламиз. Қонун сўз эркинлигини таҳлика остида қолдирадими, деган савол ҳам етарлича янгради.

Хўш, бу хавотирлар қанчалик асосли? Қонун билан сўз эркинлигини бўғиш мақсад қилинганми ёки сўз эркинлигидан фойдаланишда масъулиятли бўлишга даъват қилинмоқдами?

Ўзи кодексларга қандай янгилик киритилди?

Қонунга кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик учун тегишли кодексларга маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимча (202-2-модда)га кўра:

  • Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари (1 февралгача 11 млн 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
  • Жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50–100 баравари миқдорида (22 млн 300 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига киритилган қўшимча (244-6-модда)га кўра:

  • шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорида жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
  • жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
  • Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида юқоридаги жиноятларни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда содир этганлик учун яна ҳам оғирроқ жазо чоралари (БҲМнинг 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш) белгиланган.