Жамият | 16:50 / 15.01.2021
12558
2 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги аукцион машмашаси: Бош прокуратура протест келтирди, бинонинг собиқ эгасига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Аукциондан мулк ютиб олган тадбиркор Гюнел Алиеванинг аризасидан сўнг Бош прокуратура ФИБ Жиззах туманлараро ва вилоят судларига протест келтирган. Протест Олий суд томонидан кўриб чиқилади.

Kun.uz ушбу машмаша ҳақида журналистик суриштирув ўтказган эди.

Тадбиркор Гюнел Алиева 2019 йил ноябрь ойида МИБ томонидан ижро ҳужжатлари асосида онлайн аукционга чиқарилган, қурилиши тугалланмаган нотурар объектни харид қилади.

Бинонинг аввалги эгаси — «UZ KAMOL TEKS» МЧЖ раҳбари Қосимжон Ҳусанов аукцион нотўғри ўтказилганини рўкач қилиб, унинг натижаларини бекор қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига мурожаат қилади ва 2020 йил 14 сентябрда унинг талаблари қаноатлантирилади, аукцион натижалари бекор қилинади. Боз устига аукционга мулкни расмийлаштириб чиқарган МИБ Жиззах шаҳар бўлими ва Гюнел Алиевадан солидар тарзда 11 млн 600 минг сўм давлат божи ундириш ҳам юклатилади.

Суд қарорига нисбатан Жиззах шаҳар прокуратураси протест келтиради ва иш ФИБ Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, дастлабки инстанция қарори ўзгаришсиз қолдирилади.

Қосимжон Ҳусанов ушбу судларгача, аукционда ғолиб бўлган Гюнел Алиева бинога қўйилган тақиқларни ечиб, ўз номига расмийлаштирганидан сўнг, 30 декабр куни қалбаки реестр билан бошқа бир инсонга нотариус орқали олди-сотди шартномаси билан сотади (кейинчалик бу реестр Жиззах шаҳар маъмурий суди томонидан бекор қилинади).

Бош прокуратуранинг Г.Алиевага маълум қилишича, ушбу ҳолат бўйича 2021 йилнинг 5 январ куни Жиззах шаҳар прокурори томонидан Қосимжон Ҳусановга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Мавзуга оид