Скриншот: Босим остида ўчирилгани айтилаётган постдаги биринчи сурат

Daryo.uz фотомухбири Мадина Нурман Бухоро шаҳрига хизмат сафари чоғида бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев акс этган икки фотосуратни 23 январ куни ўз Telegram-каналида эълон қилди ва кўп ўтмай, расмни ўчиришга мажбур бўлганини билдирди.

«Расмлар ўчди, афсуски. Шуҳрат Ғаниевнинг ёнидаги вазир бошқа олинмайди расмга канал муаллифи томонидан. Интернетдан оламиз хабарларимизга керак бўлиб қолсалар. Минг бор узр!» – дея изоҳ қолдирди Мадина Нурман.

Скриншот: Босим остида ўчирилгани айтилаётган постдаги иккинчи сурат

Шундан сўнг Ўзбекистондаги кўплаб блогерлар фотосуратчига босим бўлган деган тахминда бу суратларни ўз каналларига пост қилиб қўйиб, улаша бошлади.

Таниқли ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев суратдаги иккала амалдор ҳам президентнинг Бухорога ташрифи вақтида давлат раҳбаридан огоҳлантириш олганига эътибор қаратди.

«Нима учундир ушбу суратлар Мадина Нурман каналидан ўчиртирилибди, ўшанчун атайин ўзимга жойлаб қўйдим, иккинчи марта кўнгли ўта нозик амалдорларимиз ниманидир ўчиртиришдан олдин сал ақлини ишлатиб, ўйлаб кўришсин», – дейди Хушнудбек Худойбердиев.

Блогер Шаҳноза Соатова бу каби ҳаракатлар тескари таъсир кўрсатишини таъкидлади.

«Ўчиртирилган ҳар постки бор, резонанс беради. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади, бир қарасанг машҳур блогерлар мақтайди, бир қарасанг катта раҳбардан танбеҳ эшитасан. Ижтимоий тармоқда акс этаверади бари. Лекин ўчиртириш... Унақа тоқатсиз бўлманглар, мана нима бўлади бунинг охири – эшитмаганлар эшитиб, билмаганлар билади.