Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Отабек Сатторий Сурхондарёда маҳаллий амалдорларнинг танқидчиси сифатида танилган. ИИВ Тергов департаменти блогер 5 млн сўмлик телефонни гўёки товламачилик йўли билан олган вақтида ушланганини баён қилиб чиқди.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши очилган. Эҳтиёт чорасига оид суд ёпиқ тарзда ўтган. Олий суд ахборотига кўра, ёпиқ суд мажлисида Сатторийга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича прокуратура киритган илтимосномани Термиз шаҳар суди қаноатлантирган.

Фото: Facebook / Otabek Sattoriy

Масс-медиа фонди блогернинг бу тахлит қамоққа олинишини кескин қоралаб, воқеа бўйича қатор саволларни ўртага ташлади.

Фонд раиси Комил Алламжонов блогер «босиб олиб кетилгани», энг оғир эҳтиёт чораси танлангани ва иш ёпиқ судда кўрилаётганига эътибор қаратди.

«Нима учун энг хавфли жиноятчидек унинг уйида тинтув ўтказилди, нима учун у кўплаб одамлар билан олиб кетилди, нима учун суд ёпиқ бўляпти?

Барча товламачиликда гумон қилинган фуқароларга шунақа муносабат қилинадими? Ёки блогер бўлгани учун шундай алоҳида «ҳурмат-эҳтиромми»? Бу нормал ҳолатми?

Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ бериши шарт. Методлар қачон ўзгаради? Босиб олиб кетмай, идорага қонуний чақирув қоғози билан чақирилса, келмас эдими?

Эҳтиёт чораси сифатида нима учун энг оғири, қамоқ танланди?

Қонун ҳамма учун баробар экан, орган ходимлари ҳам ошириб юборишмасин. Бизнинг жамоат фондимиз бундай хатти-ҳаракатни кескин қоралайди»,