Ўзбекистон | 13:40 / 11.02.2021
45917
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Отабек Сатторий иши бўйича баёнот берди. Блогер устидан 7 ҳолат бўйича мурожаат келиб тушган

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг учта моддаси бўйича айбли деб топилиб, унга жарима қўлланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ўтказмоқда. Тергов давомида суд ажрими билан О.Сатторийга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бугунги кунда тергов органига 7та ҳолат бўйича О.Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда бу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда.

Жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганда, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланмаган. Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.

О.Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40- (Туҳмат), 41- (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш)лари билан айбли деб топилиб, унга БҲМнинг 40 баравари (9,8 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Изоҳланишича, бунга унинг «2021 йил январ ойида ижтимоий тармоқларда «Денов кўмир омбори» ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатгани» сабаб бўлган.

Маълумот учун, бунгача блогерга нисбатан фақат битта – товламачилик айби (Жиноят кодекси 165-модда) қўйилаётгани маълум эди. Тергов департаменти у 5 млн сўмлик телефонни товламачилик йўли билан олаётган вақтида қўлга олинганини хабар қилганди. Органга кўра, Сатторий Шеробод туманидаги деҳқон бозорида телефони синиб қолганини айтиб, бозор раҳбаридан янги телефон олиб беришини талаб қилган, акс ҳолда бозордаги салбий ҳолатлар туширилган видеоларни интернетда тарқатиш билан таҳдид қилган.

Депутат Расул Кушербаев воқеа аслида бошқача бўлганини айтмоқда. Унга кўра, Отабек бир неча ой олдин Шеробод туманидаги деҳқон бозорида нарх-наволарни телефонга олаётганида бозорнинг бир нечта зўравон ходимлари уни уриб, телефонини синдириб ташлаган. У ИИБга арз қилган; туман ҳокими эса унга воқеаларни интернетга чиқармасликни сўраб, эвазига товон тариқасида янги телефон олиб беришларини ваъда қилган. Синдирилган телефони ўрнига янгисини олган вақтида эса қўлга олинган.

Блогернинг ҳуқуқ органлари томонидан кўпчилик бўлиб ушлаб олиб кетилиши видеоси интернетда тарқалгач, жамоатчиликда саволлар уйғона бошлади.

Товламачилик учун энг оғир эҳтиёт чораси (қамоқ) танлангани, суд ёпиқ тарзда бўлиб ўтгани ва шу каби яна қатор ҳолатлар эътирозларга сабаб бўлмоқда. Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов, Буюк Британия элчиси Тим Торлот ва АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Отабек Сатторийнинг қамоққа олинишини қоралаб баёнот берди.

Мавзуга оид